Ўзбекистон Афғонистонга электр етказиб берадиган тармоқ қурилишини жонлантиради

Ўзбекистон ва Толибон ҳукумати расмийлари Тошкентда “Сурхон-Пули - Хумри” тармоғини қуришни жонлантириш масаласини муҳокама қилгани тўғрисида "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" хабар берди.

Икки томон учрашуви бўлиб ўтгани тўғрисидаги хабар 30 декабрда ёйинланди. Музокараларда "Ўзбекистон миллий электр тармоқлари" ва “Da Afghanistan Brreshna Sherkat” (DABS) раҳбарлари иштирок этган.

“Сурхон-Пули - Хумри” тармоғи қурилиши якунланиши ортидан Ўзбекистон Афғонистонга сотадиган электр қуввати ҳажми ҳам кўпаяди.

201 километрли мазкур тармоқнинг 45 километри айни пайтда қуриб битказилган. Тармоқнинг барпо этилиши лойиҳа йўналишида Толибон ва Афғонистон ҳукумати ҳарбийлари ўртасида жанглар бошланиб кетгани муносабати билан 2021 йилнинг ўрталарида тўхтатиб қўйилган эди.

Осиё тараққиёт банки ва Афғонистон расмийлари 2020 йилнинг 20 октябрь куни Кобулда Ўзбекистон делегацияси иштирокида 110 млн доллар ажратишни назарда тутувчи "Сурхон-Пули-Хумри" электр узатиш линиясини қуриш лойиҳасини молиялаштириш тўғрисида битим имзолаган эди.

Ўзбекистон Афғонистонга электр қуввати етказиб берувчи энг йирик қўшни давлатдир. Шартномага асосан Ўзбекистон Афғонистонга ҳар йили 6 миллиард кВт / соатгача электр энергиясини 10 йил муддатга тўлаш шарти билан етказиб беради.