Сурхондарёдаги 62 та қурилиш ташкилоти банкротлик ёқасига келиб қолди. Тадбиркорларнинг айтишларича, бунга вилоят ҳокими Улуғбек Қосимовнинг юзлаб кўп қаватли аҳоли уйлари ва мактабларни тадбиркорларга мажбуран таъмир қилдиртириб, пулини бермагани сабаб бўлмоқда.
Йўл қурилиш ташкилотлари ва ижтимоий соҳа объектлари қурувчиларининг айтишларича, Сурхондарё вилоятига Улуғбек Қосимов ҳоким бўлиб тайинланганидан сўнг уларнинг “шўрига шўрва тўкилган”.
Озодлик суҳбатлашган қурилиш ташкилотлари раҳбарлари хавфсизлик важидан ўз исми ва фирмасининг номи очиқланмаслигини сўрашди. Уларнинг иддао қилишича, ҳоким шикоят қилганлари учун уларнинг "бошига қора кунларни солиши мумкин".
Жорий йил бошида вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов Денов туманига барча қурувчи ташкилотлар раҳбарларини жамлаб йиғилиш ўтказган ва юздан ортиқ кўп қаватли уйларни таъмирлаб бериш топшириғини қўйган:
“Аниқ эсимда 30 январь куни эди. Биз, қурилиш фирма раҳбарларини туман прокурори чақириб олиб, вилоят ҳокими ва прокурори сўраяпти, йиғилиш бўлар экан деб, Деновга олиб кетди. Биз нима масала эканлигини билмаганмиз. Вилоят ҳокими “ҳар бир қурилиш ташкилоти биттадан “дом”ни капитал ремонт қилиб беради ва ишни тугатганидан кейин пулини олади” деди ва буни назорат қилишни вилоят прокурорига юклади. Кейин охирида вилоят прокурори домларни бўлиб-бўлиб берди ва “ҳамманг қиласан, қилмасанг охирги беш йиллик фаолиятингни текшираман, албатта бир нарсанг чиқади, тўлайсан, қамаласан”, деб дўқ-пўписа қилди”.
Тадбиркорнинг айтишича, қурувчилар бу таҳдидлардан қўрқиб рози бўлишган ва ишни бошлашган. Узоғи билан икки ойда Денов туманидаги бу уйлар тўла таъмирдан чиқарилган ва “Ўзбекистон 24” телеканалида бу ҳақда махсус репортаж ҳам тайёрланган:
“Барча қурувчилар домларни ремонт қилиб берди, ҳар бир қурилиш ташкилоти 200 млн.дан 400 млн. сўмгача пул сарфлаб домларни замонавий қилиб топширдилар. Энг қизиғи ҳеч қайси қурилиш ташкилотига бир сўм ҳам тўлаб берилмади ва телевидение репортажида жами 15,1 миллиард сўм харажатнинг 11,5 миллиарди ҳомийлик асосида қилинди деб хабар берди. Бу хабарни эшитиб ҳамманинг ҳафсаласи пир бўлди ва алданганимизни билдик. Термиз шаҳрида ҳам худди шундай бўлди, қурувчилар чув тушди”.
Исми сир қолишини сўраган бошқа қурилиш ташкилоти раҳбарининг Озодликка айтишича, Улуғбек Қосимовнинг буюртма лойиҳалари бу билан тугамаган.
“Президент Шавкат Мирзиёев 13-март куни Сурхондарё вилоятига ташрифидан сўнг вилоят ҳокими вилоятдаги 62 та салоҳиятли қурувчини йиғиб қоп-қоп ваъдалар бериб, “мана сенларга протокол қилиб, объект беряпман протокол қилиб, 62 та мактабни ремонт қилиш керак, фақат ҳозир ярим пули бор, мен ишлаб турар эканман қолганини ҳам қилиб бераман, деди. Сентябрь ойига мактабни ҳам ремонт қилиб топширдик, лекин пулидан дарак йўқ!”
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Бу мактаблар Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 10 апрелдаги «Сурхондарё вилоятидаги айрим ижтимоий соҳа объектларида қурилиш-монтаж ишларини жадаллаштириш” қарорига асосан таъмир қилинган. Яъни бу мактаблар таъмири учун бюджетдан пул ажратилган.
Аммо қурувчиларнинг айтишларича, улар объектларни топширганига 3 ой бўлган бўлса ҳам шартномада кўрсатилган пуллар тушириб берилмаяпти ва маблағсиз қолган ташкилотлар банкротликка юз тутмоқда.
“Баъзи мактаблар лойиҳа сметасига 4 млрд. сўмлик иш турлари киритилган бўлса шундан 1 млрд сўм пул беришди. Мактабларни сентябрда ўқув ҳолатига тайёрлаш учун қурилиш ташкилотларига босимлар ўтказилди. Вилоят прокуратураси ҳатто вилоят пожарнийдан ҳам ишчи комиссия қилиб мактаблардаги қурилишни тугатишга мажбурлашди. Баъзи қурилиш ташкилотлари ишни тугатиш учун кредит олди, баъзилари, машинаси уйини ҳам сотишга мажбур бўлди”.
Ҳокимлик томонидан босим бўлишидан чўчиб, исми сир қолишини сўраган яна бир қурувчи ташкилот раҳбарининг айтишича, аксарият фирмалар шартномада кўрсатилган пуллар тўлиқ ўтказиб берилмагани боис, улар мактаблар таъмирини охирига етказа олмаган. Оқибатда эса уларга шаффоф қурилиш платформасига киришга ва тендерларда қатнашишга тўсиқ қўйилган:
“Ўлганнинг устига тепган қилиб вилоят қурилиш назорат инспекцияси ушбу 62 та қурилиш ташкилотини таъмирталаб объектларни 100 фоиз топширмагансанлар деб, шаффоф қурилиш платформасига киришга чеклов қўйиб ташлади. Ахир бизда маблағ бўлмаса қурилишни қандай тугатайлик. Масалан мен мактабни ремонт қилишга 4 миллиард сўмга шартнома тузганман. Шунинг 2 миллиард сўми берилди, холос. Қолган иш чала ётибди. Инспекция раҳбари Баҳодир Назаров билан учрашдик, фойдаси бўлмади. Домларни текинга ремонт қилиб бердик, ҳеч бўлмаса мактаблар таъмири пулини тўлиқ берсин. Бу аҳволда ҳаммамиз банкрот бўламиз!”
Тадбиркорнинг айтишича, мактаблар таъмири учун бюджетдан пул ажратилган. Лекин бу пуллар қаерга кетганини ҳеч ким билмайди:
“Мактаблар доим давлат ҳисобидан таъмирланиб келинган. Бу пулларни Улуғбек Қосимов бошқа лойиҳаларга йўналтирганми ёки кимларнидир чўнтагига кириб кетганми, буни биз билмаймиз. Лекин шуниси аниқки, вилоят ҳокими пулларингни берамиз деб ваъда берган эди. Лекин ваъдасида турмади. Домлар ремонтига ҳам бир сўм тўлаб бермади. Мен шунинг ўзидан 400 миллион сўмга куйдим. Яна куйишим керакми, ахир биз қонуний давлатда яшаяпмиз, зўравонлар давлатида эмас. Қурилиш вазирлигига ҳам мурожаат қилдик, натижа бўлмади, вазир Ботир Зокиров Тошкентдан чиқмайди!”
Озодлик қурувчиларнинг бу эътирозларига изоҳ сўраб Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов матбуот хизматига мактуб жўнатди. Аммо ҳозирча жавоб олгани йўқ.
Ўзбекистон Қурилиш ва уй-жой коммунал хизмати вазирлигининг сайтида кўрсатилган телефон рақамларига қилинган қўнғироқлар жавобсиз қолди.
Ўзбекистонда маҳаллий ҳокимиятларнинг тадбиркорларни ўз ҳисобларидан ижтимоий лойиҳаларни бажаришга мажбурлаши янгилик эмас.
Таҳлилчилар буни Бизнес омбудсман институтининг ривожланмагани билан изоҳлашади.
Аммо вазият 2017 йил майида Ўзбекистон Респбуликаси президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институти ташкил этилганидан буён ҳам ўзгармаган.