Сурхондарёда сел тошқини туфайли Тошкент-Термиз автомагистрали вақтинча ёпиб қўйилди

Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг 10 май куни тушдан кейин Сурхондарё вилояти Шеробод тумани ҳудудидан ўтган М-39 автомагистралининг 1385-километрида кучли ёмғир ёғиши сабабли сел тошқинлари юзага келган.

Бу ҳақда маълумот тарқатган Фавқулодда вазиятлар вазирлиги кечаги куннинг ўзида йўлнинг белгиланган қисмига бир нечта махсус техника сафарбар этилганини билдирган.

“Ушбу соатларда Фавқулодда вазиятлар бошқармаси раҳбарлиги остида йўлни тош ва лой массасидан тозалаш ишлари олиб борилмоқда”, дейилган вазирлик хабарномасида.

ФВВ қайдича, сел ҳодисаси натижасида ҳеч ким жабрланган эмас, йўлнинг сел туфайли тўсилган қисми эса яқин соатларда транспортлар ҳаракати учун очилиши маълум қилинган.