Жорий йилнинг 25 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси қошидаги департаментнинг Сурхондарё вилояти бошқармаси ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ўтказилган махсус амалиёт давомида иқтисодий ишлар бўйича Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманлараро суди судьяси С. А. маҳаллий фуқародан 3000 АҚШ доллари миқдорида пора олаётганида ушланди.
Дастлабки суриштирув материалларига кўра, судья иқтисодий низо бўйича суд юритувида бўлган иш тарафларидан биридан пора олган. Ҳозирда унинг жавобгарлиги масаласи кўрилмоқда.
Қонунга кўра, судьяни жиноий жавобгарликка тогртиш учун тергов органи тегишли тартибда Ўзбекистон Репсубликаси Судьялар Олий кенгаши рухсатини олиши, гумондорнинг судьялик ваколати муддатидан аввал тугатилиши керак.
Шунингдек, 25 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси қошидаги департаментнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ва ДХХ томонидан ўтказилган рейд давомида Тошкент шаҳар адвокатлар ҳайъати адвокати М.М. 20 000 АҚШ долларини суддаги мансабдор танишлари орқали фуқаронинг муаммосини ҳал қилиб бериш эвазига олаётганида ушланган.
33 яшар М.М. муқаддам Ўзбекистон Олий судида катта қуонсультант лавозимида ишлаган, сўнгра адвокатлик фаолияти билан шуғулланган.
Ҳозирда гумондор М.М.га нисбатан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан мамлакат Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) ва 211-моддасида (Пора бериш) назарда тутилган жиноятларни содир этганлик бўйича жиноят иши қўзғатилган, тергов ҳаракатлари бошланган.
Адвокатнинг ҳамкасблари Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда М.М. ўз мижозларидан кўрсатилган хизмат учун гонорарини олаётган пайтда ушланганини таъкидлашди. Бироқ Озодликнинг Тошкент шаҳар прокуратурасидаги манбасига кўра, адвокат жиноят устида қўлга олинган ва у ҳозирда пойтахт туманларидан бирининг суди раисига қарши кўрсатма бермоқда.
Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий кенгаши маълумотига кўра, иқтисодий ишлари бўйича Қумқўрғон тумани суди раиси С. А. 2020 йили “Ибратли судья” мукофотига сазовор бўлган судьяларнинг бири эди.