Сурхондарёда юқори қаватдан қулаган ўқувчи қиз нобуд бўлди

Сурхондарё вилояти Денов тумани Буюк келажак МФЙ ҳудудидаги 16 қаватли тураржойда яшовчи қиз юқори қаватдан тушиб кетиб ҳалок бўлди, дея хабар қилди ўтган ҳафта якунида “Севимли” телеканалининг “Замон” информацион дастури.

Ўн етти ёшли қиз 6-қаватдан қулаб, воқеа жойида ҳалок бўлгани маълум қилингани ҳолда, ўлимга доир бошқа тафсилотлар очиқланмаган.

Маҳалла раисига кўра, марҳума оиланинг тўнғич фарзанди бўлган, мактабда ҳам аъло баҳоларга ўқиган. Қизнинг оиласида муқаддам жанжал-тўполон кузатилмаган.

Воқеа юзасидан дастлабки суриштирув олиб борилаётгани айтилмоқда.

Сўнгги йилларда кўп қаватли уйдан тушиб кетиш оқибатида ўнлаб ўлим ҳолати қайд этилган.

Жорий йил 4 август куни Тошкент шаҳри Сергели туманида истиқомат қилувчи 15 ёшли Х.С. 5-қават деразасидан эҳтиётсизлик оқибатида тушиб кетиб вафот этган.

2023 йил 18 ноябрь куни Тошкент шаҳри Юнусобод туманида 32 ёшли эркак тураржой биносининг 15-қаватидан сакраб вафот этган. Бош прокуратурага кўра, эркак 2020 йилдан буён руҳий касалликлар шифохонасида шизофрения ташхиси билан рўйхатда турган.

2023 йил 12 июнь куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида 27 ёшли аёл оиласи билан яшаган уйи 4-қаватидан қулаб вафот этган.

2022 йил 9 июнь куни Самарқанд шаҳри “Қорасув” масканидаги 81-уйда ҳам ана шундай бахтсиз ҳодиса рўй берган. Қаровсиз қолдирилган 1,5 яшар қизча 10-қаватдан тушиб кетиб воқеа жойида нобуд бўлган.