Расмий Тошкентнинг суғориш мавсумида Сирдарё ва Амударёда сув ҳажми камайишига оид хавотирлари фонида Ўзбекистон ва Туркманистон сув ресурсларини биргаликда бошқариш масаласини муҳокама қилди.
25 апрель куни расман билдирилишича, сув хўжалиги масалалари бўйича ўзбек-туркман ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг учинчи йиғилиши Ўзбекистон президенти маслаҳатчиси, Ш. Ғаниев ва Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари А. Язмурадов даражасида ўтган.
Йиғилишда Туркманистон ҳудудида жойлашган Ўзбекистон сув хўжалиги объектларига хизмат кўрсатувчи ишчилар учун “Вахта” режимини бекор қилиш масаласи кўриб чиқилган.
Бундан ташқари “Таллимаржон-Таллимерджен” ва “Дружба-Газоджак” чегара постлари фаолиятини қайта тиклаш, “Султонсанжар тўғонида сув фильтрациясига қарши девор қуриш” ва “Қарши насос станциялари каскадини капитал қайта тиклаш” лойиҳаларига жалб этиладиган чет эллик мутахассисларга Турманистон ҳудудига кириш визалари бериш муҳокама қилинган.
Шунингдек, томонлар Амударё сув ресурсларини биргаликда бошқариш тизимини ва маълумотлар алмашинувини автоматлаштириш, Амударё қирғоқларини мустаҳкамлаш ва ўзанларини тўғрилаш орқали сув йўқотилишини камайтириш юзасидан фикр алмашган.
Учрашувда Толибон ҳукумати томонидан қурилаётган “Қўштепа” канали масаласи муҳокама қилингани тўғрисида маълумот йўқ. Мутахассислар мазкур канал учун Амударёдан сув олиниши оқибатида Ўзбекистон сув заҳираси янада озайиши ва бу қурғоқчиликка сабаб бўлиши мумкинлигидан ташвиш билдириб келади.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Президент Шавкат Мирзиёев 1 апрель куни сувни тежаш тўғрисидаги фавқулодда қарорни имзолаган эди. Қарорда таъкидланишича, Сирдарёда сув ҳажми 10-15 фоизга, Амударёда эса ундан ҳам кескин – 20 фоиз қисқариши кутилмоқда.