Тўпаланг ГЭСдаги аварияга модернизация жараёнида босимли сув қувурига ўрнатилган вақтинчалик тиқиннинг шикастланиши сабаб бўлгани тўғрисида Энергетика вазирлиги 22 июнь куни маълум қилди.
Расман билдирилишича, тиқиннинг шикастланиши оқибатида сониясига 40 куб метр сув сизиб чиққан. “Таъкидлаш керакки, дарёнинг сув ўтказиш қобилияти сониясига 600 куб метрни ташкил этади. Сув сизиб чиқиш вақтида сув сарфи сониясига 160 кубометргача кўтарилган”,-дейилади билдирувда.
Вазирлик ҳозирда босимли қувурдан сув сизиб чиқиш тўхтатилганини, бу ҳолат тўғон ҳолатига ҳеч қандай таъсир қилмаганини ва Тўпаланг сув омбори тўғонига шикаст етмаганини ҳам таъкидлади.
“Ўзбекгидроэнерго” ширкати бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов ҳодиса сабабларини ўрганиш мақсадида воқеа жойига етиб борган.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 22 июнь куни маҳаллий вақт билан соат 08:14 ларда Сурхондарё вилояти ҳудудида жойлашган Тўпаланг сув омборидан чиқаётган сув ҳажми кескин кўтарилгани ҳақида хабар берган эди. Вазирлик чиқаётган сув ҳажми кескин кўтарилишига нима сабаб бўлганини очиқлаган эмас.
“Сув омборининг мустаҳкамлигига зиён етмаган, айни вақтда чиқарилаётган сув ҳажмини камайтириш ишлари олиб борилмоқда”, дейилган вазирлик билдирувида.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Тўпаланг сув омборида қурилган тўғон сув қўйиб юборгани, чор-атрофни сув босганига оид хабарлар тарқалган эди.
2020 йилнинг 1 май куни Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши оқибатида Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида тошқин юзага келган, расмий маълумотларга кўра, бунинг натижасида 2 570 та уй-ҳовли, 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келган, 1781 ҳовли, 52 та кўп қаватли турар жой қисман зарарланган эди.