Сув хўжалиги вазирлигининг туман ирригация бўлимлари ҳамда махсус хизматлари негизида Сув етказиб бериш хизмати давлат муассасалари ташкил этилади.
Бу ҳақда президент 5 январда “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзолагани ҳақида Norma ахборот-ҳуқуқий портали хабар берди.
Қарор “сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, аҳоли онгида шаклланган “сув – текин” тушунчасидан воз кечиш ҳамда сувни тежайдиган суғориш технологияларини кенгайтирилган тартибда жорий этишни давом эттириш мақсадида” қабул қилинган.
Қарорга асосан Сув етказиб бериш хизматлари белгиланган лимитлар асосида истеъмолчиларга сув етказиб бериш, ўзига бириктирилган ҳудудда сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш, суғориш тармоқлари ва улардаги гидротехник иншоотларни соз ҳолатда сақлаш каби ишлар билан шуғулланади.
Порталнинг билдиришича, қишлоқ хўжалиги ерларини суғориш ва балиқларни етиштириш учун солиқ ставкаси бир куб метр учун 100 сўм қилиб белгиланган.
Шундан келиб чиққан ҳолда истеъмол қилинган сув миқдори ҳисобини юритмаган ёки юритишдан бош тортган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари учун сув солиғи базаси халқ депутатлари туман Кенгашлари томонидан тасдиқланган лимитларга нисбатан икки баравар оширилган ҳолда ҳисобланади.
Сувни тежайдиган суғориш технологияларинги жорий этиш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга “suvkredit.uz” платформаси орқали 5 йил муддатга, шундан 2 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 14% ставкада кредитлар ажратилади.