Президент Шавкат Мирзиёев 29 ноябрда ўтган видеоселектор йиғилишида бир йил давомида сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтишга кўрсатма берди. Президент матбуот хизматининг хабар беришича, бунга сув манбаларининг йил сайин камайиб бораётгани сабаб бўлди.
Президент йиғилишда сув ресурсларининг фақат 20 фоизи Ўзбекистонда, қолгани эса қўшни давлатларда шаклланишига эътибор қаратди. Унга кўра, 2030 йилга бориб Ўзбекистонда сув танқислиги 15 миллиард кубометрга етиши прогноз қилинмоқда.
Мирзиёевнинг айтишича, сув танқислигига қарамай, сувдан самарасиз фойдаланилаяпти. Президент Ўзбекистондаги жами сув ресурсларининг 90 фоизи қишлоқ хўжалигига сарфланишини, бир гектар пахта майдонини суғориш учун йилига 10-11 минг кубметр сув ишлатилаётгани, иқлими ва ери Ўзбекистонга ўхшаш мамлакатларда бундан 2-3 баравар кам сув сарфланаётганини алоҳида таъкидлади.
“Сув хўжалигига ҳар йили ўртача 1 миллиард доллар маблағ йўналтирилмоқда. Бу соҳа бюджетдан маблағ олиш бўйича таълим, соғлиқни сақлаш ва қишлоқ хўжалигидан кейин 4-ўринда туради. Аммо тизимда ҳисоб-китоб тўғри йўлга қўйилмагани, сув ресурсларини бошқаришда эскича ёндашувлар сақланиб қолгани учун самара кам”, дейилади расмий хабарда.
Президент бир йил давомида сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтилишини таъкидлади. Унга кўра, бунинг учун канал ва ариқларни бетонлаш муҳим вазифадир.
Ҳисоб-китобларга кўра, бетонланмаган ирригация тармоқларида йилига ўртача 14 миллиард куб метр ёки 36 фоиз сув ҳеч қандай иқтисодий самарасиз исроф бўляпти. Сув йўқотишлари оқибатида Ўзбекистон иқтисодиёти йилига 5 миллиард доллар даромадни бой бермоқда.
Шу боис сув хўжалигида “каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил” эълон қилинди.