Ўзбекистонда жорий йил 1 мартидан суюлтирилган газ импорти учун белгиланган божхона божи ва уни импорт қилиш учун талаб этиладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бекор қилиш кўзда тутилмоқда. Бу тартиб мамлакат президентининг 2021 йил учун Давлат дастури тўғрисидаги фармони лойиҳасида акс этган.
“Тараққиёт стратегияси” маркази сайтида муҳокамага қўйилган ҳужжат лойиҳасида 2021 йил 1 мартига қадар ишлаб чиқарувчи ва импортёрлар учун электр энергияси ва табиий газ билан таъминлаш соҳасига бозор механизмларини жорий этиш орқали улгуржи бозорни шакллантиришнинг “йўл харитаси” ишлаб чиқилиши лозимлиги айтилган.
“Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш вазифаси президент фармони билан Энергетика вазирлигига юклатилган. Вазирликка биринчи босқичда, 2021 йил 1 августдан бошлаб, йирик корхоналарга электр энергияси ва табиий газни импорт асосида сотиб олиш ҳуқуқи берилишини назарда тутиш топширилган.
Ҳужжатда мазкур тартиб “электр энергияси ва табиий газ таъминотида монополияни бекор қилиб, бозор муносабатларини шакллантириш мақсадида” жорий қилинаётгани билдирилган.
Президент фармони лойиҳаси шу йил 25 январига қадар муҳокамада бўлади.
Ўзбекистонда табиий газ таъминотида монополия бекор қилиниб, бозор механизмлари жорий этилиши хусусида президент Шавкат Мирзиёев 29 декабрь куни Олий Мажлис ҳамда мамлакат халқига қилган мурожаатида қайд этганди.