Россия ҳукумати Озодлик радиоси рус хизматидан Навальнийнинг суриштирувларини ўчиришни талаб қилди

Алексей Навальний айни пайтда Россия қамоқларидан бирида сақланмоқда.

Роскомнадзор Озодлик радиоси рус хизмати – Свободадан мухолифатчи Алексей Навальнийнинг суриштирувлари тўғрисдаги контентларни ўчиришни талаб қилди. Роскомнадзор бу борада расман мактуб жўнатди.

Навальний суриштирувларига оид контентларда Россия президенти Владимир Путиннинг Геленжикдаги ҳашаматли қасри, Кремлнинг тадбиркор Евгений Пригожин ва патриарх Кирилл билан алоқалари ҳамда бошқа коррупциявий ҳолатлар баён этилган.

Роскомнадзор мактубида мазкур суриштирувлар Россиянинг экстремизмга оид қонунлари талабларига зид келиши таъкидланган. Свобода радиосига материалларни ўчиришга бир кун вақт берилди.

Озод Европа/Озодлик радиоси президенти Жейми Флай Россия ҳукуматининг бу талаби бажарилмаслиги тўғрисида баёнот берди.

“Озод Европа/Озодлик радиоси Кремлнинг таҳририят фаолиятига аралашувига йўл қўймайди. Бу Россия ҳукуматининг ҳақиқат излаган журналистларга нисбатан сиёсий цензурасидир” – дейилади Флай баёнотида.