Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри ҳокими Нормўмин Холбоев тадбиркорга тегишли савдо дўкони фаолиятини асоссиз тўхтатгани учун жавобгарликка тортилди.
Daryo.uz нашрининг хабар қилишича, ҳоким “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун талабларини бузиб, савдо дўкони фаолиятини тўхтатиш ҳақида ноқонуний топшириқ бергани ортидан Президент ҳузуридаги тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг вилоят шўъбаси бош инспектори қарори билан базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 40 баравари миқдорида (15 миллион сўм) жаримага тортилган.
Жиноят ишлари бўйича Қарши шаҳри судининг 2024 йил 4 ноябридаги қарорига асосан бизнес омбудсманнинг ушбу қарори ўзгартирилиб, жарима миқдори Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 33-моддасига асосан БҲМнинг 5 бараварига (1 миллион 875 минг сўм) туширилган.
Мазкур иш 2024 йил 27 декабрь куни Қашқадарё вилоят судининг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати кассация инстанциясида ҳам кўриб чиқилган. Судья Махфират Очилова раислигидаги ҳайъат ҳуқуқбузар Нормўмин Холбоевнинг шикоятини рад этган.
Кузатувчиларга кўра, ўз ҳудудида чексиз ваколатга эга ҳокимларнинг тадбиркорлар фаолиятига аралашуви одатий ҳолга айланган бўлса-да, уларнинг бу сира қилмиши учун жазоланиши камёб воқеа саналади.
Озодлик аввалроқ ҳокимларнинг тадбиркорлар ишига аралашуви муаммосини таҳлил қилганди.