Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида уч қаватли савдо ва автомобилларга хизмат кўрсатиш маркази қурган тадбиркор Маҳмуд Эшмўминов айни кунларда Тошкентда чиқинди йиғиш билан банд.
Тадбиркор бу иморатни қуриш учун автомобилларини, яшаб турган уйини ҳам сотишга мажбур бўлган ва 80 минг доллардан кўп маблағ сарфлаган.
“Бугунги кунда Тошкент шаҳрига келиб мардикорлик қилишга мажбур бўлдим. Чунки оиламни боқишим керак, тиббиёт институтида ўқийдиган қизимнинг контарктини тўлашим керак. Яккабоғда ўз ўрнимга эга бўлган бир тадбиркор эдим. Ҳоким ва прокурорларнинг босимига қолиб, Тошкентда чиқиндихоналардан макулатура ва пластика йиғиб, цехда қайта ишлаб юрибман. Яккабоғ ҳокими сени хонавайрон қиламан деган эди, мана мақсадига эришиб турибди”, дейди тадбиркор.
2018 йилда президент дастури доирасида Яккабоғ тумани бозори реконструкция қилина бошланди. Ўнлаб тадбиркор қатори автомобил эҳтиёт қисмлари билан савдо қиладиган Маҳмуд Эшмўминовнинг ҳам бешта дўкони бузилди.
Туман ҳокимлиги бу дўконлар ўрнига бошқа жойдан қуруқ ер берган. Тадбиркор қарор чиққанидан сўнг бу ерга уч қаватли “Савдо дўкони ва автомобилларга хизмат кўрсатиш” биноси қуришни бошлаган.
Бинога тегишли барча ҳужжатлар туман ва вилоятдаги тегишли идоралар томонидан қонуний расмийлаштирилган.
Бинонинг бош плани ҳам архитектура идораси томонидан тасдиқланган. Давлат Кадастрлар палатаси Қашқадарё вилоят бошқармаси Яккабоғ туман филиали томонидан рўйхатга олинган, экспертизадан ўтказилган.
Аммо, Яккабоғ туманига Лутфиддин Абдуллаев ҳоким бўлиб тайинлангандан сўнг, тадбиркорга ажратилган ер ноқонуний эканлигини иддао қилиб, судларга даъво аризаси киритган.
Судларда тадбиркор беш марта ютиб чиққан, лекин ҳоким ҳар гал суд қарорига яна апелляция бериб, унинг деярли битиб қолган биносини буздириб ташлашга ҳаракат қилмоқда.
Маҳмуд Эшмўминов деярли қуриб битказган “Савдо дўкони ва автомобилларга хизмат кўрсатиш” биноси эски боғдан қолган ерга тушган.
Мавзуга алоқадор Мирзиёевга ишониб миллионлаб доллар кредит олган тадбиркорлар банкротлик ва қамоққа юз тутмоқдаЯккабоғнинг ўша пайтдаги ҳокими Шомурод Донаев тадбиркорга шу жойдан 2018 йилда 0,09 гектар, яъни 9 сўтих ер бозорда бузилган бешта дўкони ҳисобига берилган.
“Аввал бу ерда 1,8 гектар боғ бор эди. Кейин у самарасиз деб топилиб давлат захирасига қайтарилди. Яккабоғ ҳокими ўша захирага қайтган жойдан менга қурилиш қилиш учун қарор чиқариб берган. Бузилган дўконларим ўрнига компенсация. Мен йўл усти экан, жанжалли бўлиб қолмасин деб барча меъёрий ҳужжатларни қилганман. Лекин янги ҳоким Лутфиддин Абдуллаев тан олмаяпти. Ҳоким “Янги Ўзбекистон” массиви қурилиши учун бўш жойни беряпти, лекин менга ўхшаган тадбиркорга рухсат йўқ. Мен бинони деярли битириб бўлдим. Бор нарсамни сарфлаб бўлдим”, дейди тадбиркор.
Маҳмуд Эшмўминов барча ҳужжатларни тахлаб ишни бошлаганда, Яккабоғ тумани ҳокими Лутфиддин Абдуллаев қурилиш жойига келиб, бу жой суғориладиган ер бўлганлиги сабабли қарор ноқонуний чиққанлигини иддао қилади.
Ҳокимнинг ягона иддаоси шуки, қурилишга ажратилган ер суғориладиган ерда бўлгани сабабли, унга ноқонуний қарор чиқарилган.
Ҳоким бу ер узумзор бўлишини ўша пайтда ёйинланган видеоларда ҳам айтган эди.
Аммо ҳоким айтган узумзор ҳам бўлмади, суғориладиган ер ҳам бўлмади. Бу жойда, “Янги Ўзбекистон” массиви қурила бошлади.
Мавзуга алоқадор Қашқадарёда тадбиркорлар аукционда сотиб олган ерида қурилиш қилолмаяптиЭнди ҳеч ким нега суғориладиган қишлоқ хўжалик ерига уй-жойлар қуриляпти деган саволни бермади.
Тадбиркор қурган дўкон ҳам ана шу массивга узукка кўз қўйгандек тушиши, аҳолига савдо ва техник хизмат кўрсатиш имкониятини пайдо қилган бўлар эди.
Маҳмуд Эшмўминовнинг айтишича, бино қонуний қурилгани ҳақида қарор чиқарган айни судья апелляция судида ўзининг қарорини нотўғри деган хулоса беряпти. Судьялар ҳам ҳоким ва прокурорларнинг босими остида ҳукм чиқармоқда, дейди тадбиркор:
“Қашқадарё вилоят маъмурий суди апелляция инстанциясининг судьяси Латофат Зайниддинова аввал ҳам бизнинг ишни кўрган ва қонуний деб қарор чиқарган. Шу судьянинг ўзи бошқа апелляция судида эса қонуний эмас деб топяпти. Судья аввал қонуний дейдию, кейин ноқонуний бўлиб қоладими. Негаўша бошида суд буни ноқонуний деб топмади, нега бетон ташлашимдан олдин айтмайди. Бу ерда ҳоким ва прокурор судга босим ўтказгани яққол кўриниб турибди. Мен қурилишга бетон ташлашимдан олдин ҳокимнинг қаршилигини синдириш учун судга бергандим. Суд мени ҳақ деб топган эди”.
Маҳмуд Эшмўминов айни пайтда Тошкентдаги цехда ишламоқда. У қариндошлари билан шаҳардаги чиқиндихоналардан пластика ва макулатура йиғиштириб келиб, цехда қайта ишлаб сотади.
Тадбиркорнинг айтишича, агар Яккабоғ тумани ҳокими Лутфиддин Абдуллаев қаршилик қилмаганда эди, у бу бинони аллақачон қуриб битирган ва ўттизга яқин одамни иш билан таъминлаган бўларди.
Бино қурилиши учун ажратилган ерни Маҳмуд Эшмўминов ноқонуний олмаган, боя айтганимиздек барча қарор ва ҳужжатлар қўлида бор. Судларда гоҳ ютиб, гоҳ ютқазяпти.
Лекин муҳими, тадбиркор бор-будини сотиб шу бинога харж қилган. Яна бироз ҳаракат қилинса ойдеккина бино бўлади.
Озодлик Яккабоғ тумани ҳокими Лутфиддин Абдуллаев билан боғланиб, бу воқеага изоҳ сўради.
Аммо ҳоким телефон орқали ҳеч қандай маълумот бермаслигини айтиб алоқани узди.
Ўзбекистон президенти ўз чиқишларида тадбиркорларга кенг йўл очилгани, уларнинг манфаатлари қонунлар билан ҳимоя қилинаётганини мунтазам айтиб келади. Президентнинг “иккита иш ўрни яратган тадбиркорни бошимга кўтараман” деган гапи бот-бот тилга олинади.
Гарчи президент тадбиркорлар ҳукумат томонидан тўла қўллаб-қувватланаётганини иддао қилаётган бўлса-да, маҳаллий ҳокимлар томонидан тадбиркор қурган бино ва иншоотларни суд орқали буздириб ташлаш ҳолатлари давом этмоқда.
Ўзбекистонда ҳокимларнинг тез-тез алмашиши оқибатларини кўп ҳолларда тадбиркорлар ўз таналарида ҳис қилишади.
Кўп ҳолларда бир ҳоким бирор бир мулкка ёки ерга эгалик ҳуқуқини олиш учун тадбиркорга қарор чиқариб беради, у ишдан кетганидан сўнг ўрнига келган бошқа ҳоким аввалги ҳокимнинг қарорларини бекор қилишни сўраб судга тортади.
Орада эса қўлида барча ҳужжатлари бор тадбиркор куйиб қолаверади.
Фаолларга кўра, судларнинг мустақил эмаслиги ва хусусий мулк дахлсизлигининг кафолатланмагани тадбиркорлик ва умумиятла, мамлакат иқтисодий тараққиётига тўсқинлик қилаётган асосий омиллардан бири бўлиб қолмоқда.