Ўзбекистонда тадбиркорлар бундан буён 1 миллион долларгача кредит берилиши мумкин. Бу тартиб мамлакат президенти томонидан 27 октябрь куни имзоланган “Тадбиркорлик субъектларининг хорижий валютадаги кредит мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ юкини камайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорда акс этган.
Ҳужжатга мувофиқ, хорижий валютада олинган мазкур кредитлар миллий валютага ўтказилган ҳолда берилади. Бунда тадбиркорларга кредитнинг Марказий банк асосий ставкасидан (14%) ошадиган, бироқ қисми 5 фоизли пунктдан кўп бўлмаган қисми бўйича фоиз харажатларини қоплаб берилиши назарда тутилган. Бу компенсация Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан тақдим этилиши айтилган.
“Бунда Жамғармага мазкур кредитлар бўйича амалдаги компенсациялар миқдорларини қайта ҳисоб-китоб қилиб, уларнинг умумий миқдорини мутаносиб равишда ўзгартиришга рухсат этилади”, дейилган президент қарорида.
Қарор билан жорий йилнинг 1 ноябридан эътиборан Ўзбекистон Республикаси номидан чет эл валютасида тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш учун халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан жалб қилинган кредитлар лойиҳада иштирок этувчи молия ташкилотларига 10 йилдан кам бўлмаган муддатга ёки улар жалб қилинган муддатга қайта кредитланиши белгиланган.
Шунингдек, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш вазифаси топширилган.