2025 йил 1 январидан эътиборан Ўзбекистонда тадбиркорлар фаолиятини текшириш “Хавфни таҳлил қилиш” электрон тизими доирасида ишбилармонлик субъектларини 3 та тоифага ажратган ҳолда ўтказилади. Бу ҳақда 4 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида ташкил қилинган тадбиркорларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга оид таклифлар тақдимотида айтилган.
Қайд этилишича, эндиликда тадбиркорлар фаолиятини назорат қилишга ваколатли органлар ва уларнинг назорат соҳалари рўйхати тасдиқланади. Ушбу рўйхатда йўқ масалалар бўйича текширув ўтказиш ман этилади.
Тадбиркорлар фаолиятига доир барча текширувлар “Ягона давлат назорати” ахборот тизими орқали хабардор этиш тартибида амалга оширилади.
Янги йилдан бошлаб битта ҳуқуқбузарлик учун битта жавобгарлик чорасини белгилаш ҳам назарда тутилмоқда. Жумладан, тадбиркорлик фаолиятини якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмасдан амалга оширганлик учун молиявий жарима бекор қилинмоқда.
Шунингдек, рақамли маркировкалаш қоидалари ҳамда фискал белгиларни акс эттириш тартибини бузиш, ходимлар сонини яшириш учун маъмурий жавобгарлик ҳам қонунчиликдан чиқариб ташланади.
Президент матбуот хизматига кўра, янги чоралар Мирзиёевнинг жорий йил 20 август куни тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида билдирилган таклифлар асосида ишлаб чиқилган.