Тадқиқотчи: Носвойда заҳарли моддалар сигаретдан кўпроқ

Иллюстратив сурат

Фарғона, Тошкент, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида тайёрланган носвой намуналари Япониянинг Киото университети токсикологик лабораториясида текширувдан ўтказилди.

Мазкур тадқиқотни олиб борган ўзбекистонлик олим Жасур Жўраевнинг Кun.uz мухбирига айтишича, носвой таркибида α-hexachlorocyclohexane, α-geksaxlorosiklogeksan, dieldrin, diyeldrin, toxphene-P26, toksafen- P26, endosulfan-2, endosulfan-2, hexachlorobenzene, geksaxlorobenzin каби турғун органик ифлослантирувчи кимёвий моддалар (пестицидлар) борлиги аниқланган.

Бу моддалар носвойда қанча миқдорда бўлиши ҳақида ҳозирча меъёр белгиланмаган. Лекин текширганимизда ўзбек носвойида сигаретлардаги заҳарли моддалар бир неча баробар кўпроқ бўлиб чиқди. Тадқиқот тугаса, тавсиявий меъёр белгилаб, ССВ орқали маълум қиламиз”, деган Жасур Жўраев.

Турғун органик ифлослантирувчилар ва пестицидлар инсон саломатлиги ҳамда сайёра экотизимига таҳдид солувчи хавфли кимёвий моддалар ҳисобланади.

Нос уй шароитида зарарсиз тайёрланади ва сигарет билан таққослаганда тутун йўқ, никотин ўпкагача етиб бормайди, туфлаб ташлайман, ичимга кетмайди деб ўйлашади. Лекин ҳар йили АҚШда 1300 га яқин киши тутунсиз тамаки сабаб оғиз саратонига учрайди”, деган Жўраев носвой истеъмол қилувчилар нега уни нисбатан зарарсиз деб ўйлашини изоҳларкан.

Жасур Жўраев беш йилдан бери Японияда жамоат соғлиғини сақлаш бўйича илмий изланиш қилиб келади. У Тошкент тиббиёт академияси ва Япониянинг Хиросима университетини тамомлаган.

Тадқиқотларга кўра, дунёнинг 121 давлатида 350 миллиондан ортиқ тутунсиз тамаки фойдаланувчиси бор ва уларнинг 67 фоизини эркаклар, 33 фоизини аёллар ташкил этади. Уларнинг 95 фоизга яқини ривожланаётган мамлакатларда, атиги 5 фоизи ривожланган мамлакатларда яшайди.

Саратон тадқиқотлари халқаро агентлиги (The International Agency for Research on Cancer) тутунсиз тамаки оғиз бўшлиғи, қизилўнгач ва ошқозон ости бези саратонига сабаб бўлади деган хулосага келган.

Озодлик аввалроқ “тутунсиз ўлим” деб таърифланадиган, енгил наркотик сифатида талқин қилинадиган нос чекишга ружу қўйишнинг оқибатлари ҳақида видеошарҳ тайёрлаганди.