1 октябрь куни Taftish.uz нашри журналистлари Бобур Ганиев ва Аброр Козубаев 15 суткалик маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Суд журналистларни ички ишлар ходимларини ҳақорат қилганлик, улар талабларини бажармаслик ҳамда уларнинг хизмат бурчларини бажаришига қаршилик кўрсатишда айбдор деб топган.
Бобур Ганиев 5400000 сўмлик, Аброр Козубаев эса 270 минг сўмлик жаримага ҳам тортилган.
Тармоқларда тарқалган Ганиевнинг ИИБ ходими олдида тиз чўкиб ўтиргани видеоси ҳамда гўёки унинг телефонидан топилган порнографик видео-фотолар билан боғлиқ ҳолатлар суд қарорида тилга олинмаган.
Расмийлар Ганиевни видеога олиб, тармоқларга тарқатган ИИБ ходимига нисбатан хизмат текшируви бошланганини маълум қилган.
1 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Учтепа туман суди Taftish.uz сайти журналистлари Бобур Ганиев ва Аброр Козубаев ҳамда уларнинг таниши Обид Салимовга 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинлади.
Озодликка тақдим қилинган суд қарори нусхасида Бобур Ганиев Маъмурий-жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 41-моддаси (Ҳақорат қилиш), 194-моддаси (Ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик), 195-моддаси (Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш)да айбдор деб топилгани қайд қилинган.
Шунингдек, Аброр Козубаев 194-модда ва 195- моддалар, Обид Салимов эса 195-модда бўйича айбдор деб топилган.
Икки журналист ва уларнинг дўсти 30 сентябрь кунги ИИБ рейди пайти содир бўлган воқеада айбланган.
Мазкур воқеа 30 сентябрь куни соат 23:55ларда пойтахтнинг Учтепа тумани, Фарҳод кўчасида ўтказилган махсус рейд пайти содир бўлган.
Taftish.uz журналисти 28 яшар Аброр Козубаев ўзига тегишли “Эпика” русумли машинада ҳамкасби Бобур Ганиев ва таниши Обид Салимов билан кетаётган пайтда уни ИИБ ходимлари тўхтатган.
Суд қарорида Бобур Ганиев ва Обид Салимов ўз телефонларига ИИБ ходимларини видео олгани ҳамда Ганиев “ИИБ ходимларини камситувчи сўзлар билан ҳақоратлаб, оммага ўзларини кўрсатиб, ИИБ ходимларини хизмат вазифаларини бажаришга қаршилик кўрсатган”и айтилган.
Шундан кейин ИИБ ходимлари Ганиев, Козубаев ва Салимовни Учтепа туман ИИБ биносига олиб боришган.
1 октябрь куни ижтимоий тармоқларда 34 яшар Бобур Ганиевнинг ИИБ хонасида тергов қилинаётгани акс этган фото ва видеолар тарқалди. Видеолардан бирида Ганиевнинг тергов пайти ИИБ ходими олдида тиз чўкиб ўтиргани акс этган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Видеолардан яна бирида эса гўёки Бобур Ганиевники экани айтилган мобил телефондан порнографик тасвирлар ҳам топилгани иддао қилинган.
Бобур Ганиевнинг ҳамкасблари иддаосича, танқидий чиқишлари сабаб унга нисбатан сохта айбловлар илгари сурилган ва уни жамоатчилик орасида обрўсизлантириш учун ИИБ хонасида видеога олиб тарқатилган.
1 октябрь куни Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси журналистлар ушланганига оид расмий баёнот эълон қилди.
Баёнотда айтилишича, “Ҳолат юзасидан ҳужжатларни расмийлаштириш ва текширув ўтказиш жараёнида Б. Ганиевнинг шахсий уяли телефон аппаратида порнографик мазмундаги қонунда тақиқланган видеоматериаллар ва фотосуратлар борлиги аниқланган”.
Бошқарма Ахборот хизмати раҳбари Нилуфар Исахонова Qalampir.uz сайтига берган интервьюсида Бобур Ганиевнинг ИИБ хонасидаги фото ва видеоларини ким тармоқларга тарқатиб юборгани юзасидан хизмат текшируви бошланганини маълум қилди.
Бироқ ушбу баёнотлардан сўнг ўтказилгани айтилган маҳкамада Ганиевнинг ИИБ ходими олдида тиз чўкиб ўтиргани ҳам, гўёки унинг телефонидан топилган порнографик видеолар билан боғлиқ ҳолатлар ҳам тилга олинмаган.
Онлайн видео конференция тарзида ўтгани айтилган суд мажлисида Ганиев ИИБ ходимларини видеога олганини ва улар билан келишмовчилик бўлганини тан олган, бироқ ўзига қўйилган бошқа айбловларни инкор қилган. У “ички ишлар ходимларини қонуний талабларини бажаришга қаршилик кўрсатмагани ва уларни ҳақорат қилмаган”ини айтган.
Козубаев ва Салимов ҳам ИИБ ходимларига қаршилик қилинганини инкор қилишган.
Бироқ судья Дилшод Камилов уларнинг учаласини ҳам айбдор деб топган ва ҳар бирига 15 суткалик қамоқ жазоси тайинлаган.
Суд қарорида ёзилишича, “судланувчиларни қонунларга риоя этиш ва ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш мақсадида” уларга маъмурий қамоқ жазоси берилган.
Ижтимоий тармоқларда ушбу икки журналистнинг қамалиши, айниқса, Бобур Ганиевнинг ИИБ ходими олдида тиз чўкиб ўтиргани видеоси кенг муҳокамага сабаб бўлди.
Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев ҳам журналистлар қамалганини қоралаб, ИИБ хонасидаги Бобур Ганиев видеолари атайин тарқатилгани ҳақида ёзди.