Фарғонадан Россияга ўқишга юборилган талабалар кўчада қолганларини айтишмоқда

Россиядаги тиббиёт институтларидан бири.

Ижтимоий тармоқларда 28 август куни Ўзбекистондан Россиянинг Краснодар ва Кубан шаҳрига ўқишга юборилган бир гуруҳ талабалар кўчада қолганлари тўғрисидаги видео тарқалди. Видеода бир гуруҳ талабалар 30 августдан бошлаб олийгоҳ ётоқхонасидан ҳайдаб чиқарилаётганларини таъкидлаган ҳолда, президент Шавкат Мирзиёевга кўмак сўраб мурожаат қилган.

Талабаларга кўра, улар “Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти раҳбарияти томонидан алданишган”. Талабаларнинг маълум қилишларича, улар шартномага асосан уч йил Ўзбекистонда, икки йил Россияда ўқишлари лозим эди. Аммо ўқишни давом эттириш учун Краснодар шаҳрига келган талабаларнинг бир қисми олийгоҳга қабул қилинган, қолганларига эса рад жавоби берилган.

“30 август куни бизни ётоқхонадан чиқариб юборишади. Бизнинг борадиган жойимиз йўқ. Ҳозирда шартномаларимиз ҳам бекор қилинган ва бизнинг талаба эмаслигимизни айтишмоқда”,-дейди мурожаатчилардан бири.

Талабаларнинг иддао қилишларича, Россия олийгоҳи раҳбарияти уларга шартнома пуллари уч йил давомида институт ҳисобига келиб тушмаганини, шу сабабли Ўзбекистон билан тузилган шартнома бекор қилинганини айтишган.

Талабаларга кўра, улар Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтида ўқиш учун йилига 3 минг доллардан контракт тўлашган.

28 август куни ижтимоий тармоқларда эълон қилинган мазкур видео юзасидан ҳозирча Ўзбекистон расмийлари муносабат билдирмади.