Италия: Милан шаҳри марказида портлаш содир бўлди

Миландаги портлаш содир бўлган жой, 2023 йил 11 майи

Италиянинг Милан шаҳри марказида – Олтин медаллар майдонидаги Рим дарвозалари яқинида 11 май куни портлаш содир бўлди.

Дастлабки маълумотларга кўра, йигирма чоғли кислород баллони олиб кетаётган фургон портлаган.

Ҳодиса ортидан йўл четида турган автомобиллар ёниб кетган. Воқеа жойидан олинган фотосурат ва видеоларда аланга ва кўкка ўрлаётган қора тутунни кўриш мумкин.

Sky TG 24 хабарига кўра, аланга қўшни уйларга ҳам туташган. Ҳодиса ерига яқин жойлашган мактабдагилар эвакуация қилинган, ўқувчиларга зарар етган эмас.

Портлаш чоғида ҳайдовчи жароҳат олгани айтилмоқда. У алангани кўриб, вақтида кабинадан чиқиб олишга муваффақ бўлган. Бошқа жабрланганлар ҳақида маълумот йўқ.

Ўт ўчирувчиларга кўра, чақин машинанинг двигателидан чиққан бўлиши мумкин. Ҳайдовчи уни ўчиришга ҳаракат қилган, бироқ бунга муваффақ бўлмаган.