Ўзбекистонда қатор йиллар давомида инновацион ривожланиш вазири ўринбосари, сув хўжалиги вазири биринчи ўринбосари ва қишлоқ хўжалиги вазири биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган Азимжон Назаров суд томонидан бир қанча жиноятларни содир этган деб топилган. Бу ҳақда Газета.uz нашри ўз тасарруфидаги суд ҳукмига таянган ҳолда хабар қилди.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, Азимжон Назаров 2008 йили маркетинг тадқиқотлари, тижорий фаолият, молия ва бошқарув масалалари бўйича маслаҳат хизматларини кўрсатишга ихтисослашган Nazar Business and Technology ширкатини тузган. Унинг жиноятлари асосан шу ширкат билан боғлиқ. Назаров 2017 йил декабрида инновацион ривожланиш вазири ўринбосари лавозимига тайинлангач, Nazar Business and Technology раҳбарлигини бошқа одамга топширган, бироқ ўзида ягона таъсисчиликни сақлаб қолган.
“Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш” лойиҳасини амалга ошириш юзасидан Сув хўжалиги вазирлиги ва Жаҳон банки ўртасида умумий қиймати 376,71 млн АҚШ доллари бўлган қарз битими имзоланган. Сув хўжалиги вазирлиги лойиҳани амалга ошириш, кредит, қарз маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланишга масъул этиб белгиланган.
2016 йил 5 август куни Сув хўжалиги вазирлигининг Жаҳон банки лойиҳаларини амалга ошириш гуруҳи ва Азимжон Назаров таъсисчилигидаги Nazar Business and Technology ўртасида “Мониторинг ва баҳолаш” ҳамда “Ижтимоий ҳимоя чоралари ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш тадбирларини амалга ошириш тўғрисидаги ҳужжатни яратиш” бўйича 2016−2021 йилларда консалтинг хизматларни кўрсатиш юзасидан умумий қиймати 950 320 АҚШ долларига тенг бўлган шартнома имзоланган.
Назаров МЧЖдаги ўринбосари ва бош ҳисобчи билан давлат ташқи қарзи ҳисобидан мазкур лойиҳага жалб қилинган маблағларни қонунга хилоф равишда ўзлаштириш юзасидан жиноий режа тузган. Унга асосан, лойиҳага жалб қилинган мутахассислар томонидан ҳақиқатда бажарилмаган иш турларини гўёки бажарилгани ҳақида ёлғон маълумотлар киритилган табел ва ҳисоб-фактуралар тайёрлаш орқали маблағларни ўзлаштиришни йўлга қўйган.
Давлат молиявий назорати инспекцияси ходими томонидан тузилган 2024 йил 7 мартидаги умумий далолатномага кўра, Назаров ва шериклари лойиҳа доирасида шартнома шартларига зид равишда ҳақиқатда бажарилмаган консалтинг хизматларини гўёки бажарилган деб кўрсатиш орқали Nazar Business and Technology’га 17 та ҳолатда жами 562 428 АҚШ доллари (валюта курсининг 2023 йил 31 июль ҳолатига 6 млрд 564 млн 388 минг 245 сўм) пул маблағи ортиқча тўланишига эришган.
Шунингдек, Назаров «Жанубий Қорақалпоғистонда Сув ресурсларини бошқариш» лойиҳаси доирасида амалга оширилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган хизматлар учун ёлғон ҳужжатлар тайёрлаб, давлат маблағларини талон-торож қилган. У мазкур маблағларнинг бир қисмини Nazar Business and Technology`га ўтказиб, Тошкентда уй ва офис биноларини сотиб олган ҳамда қурдирган. Назаров ушбу мол-мулкларни жиноий фаолиятидан олинган даромадларни легаллаштириш мақсадида ишлатган ва 2017−2021 йилларда катта миқдорда пулларни ўзлаштирган.
Бундан ташқари, суд ҳукмида айтилишича, Азимжон Назаров сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган даврда насос станцияларини модернизациялашга алоқадор йирик лойиҳанинг қиймати 95,4 млн АҚШ долларига кўпайтирилган, шунингдек, бюджетдан 3,7 млрд сўм пул маблағлар асоссиз сарфланган. Назаров судда айбига иқрор бўлмаган. У умуман жиноят содир этмаганини айтиб, суддан ўзига нисбатан одилона қарор қабул қилишни сўраган.
“Судда судланувчининг айби гувоҳларнинг кўрсатмалари билан ўз исботини тўлиқ топгани қайд этилган”, дейилган Газета.uz хабарида.
Суд ҳукми билан Азимжон Назаров Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисмининг «а» банди (Жуда кўп миқдорда ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 209-моддаси 2-қисмининг «а» банди (Такроран ёки хавфли рецидивист томонидан мансаб сохтакорлиги), 243-моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) ҳамда 207-моддаси 1-қисмида (Мансабга совуққонлик билан қараш) назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган.
Cобиқ мулозимга 2 йил муддатга корхона, ташкилот ва муассасаларда моддий жавобгарлик юклатилган вазифалар ҳамда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 4,5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган.
Шунингдек, суд Назаров зиммасига давлатга етказилган 562 428 АҚШ доллари миқдоридаги зарарни қоплаб бериш мажбуриятини юклаган.