Тан олинмаган Ичкерия вакиллари блогер Тумсо Абдураҳмонов тириклигини айтишмоқда

Тумсо Абдураҳмонов

Чеченистонлик мухолифатчи блогер Тумсо Абдураҳмонов тирик ва у айни пайтда Швеция полицияси ҳимояси остида. Бу ҳақда Озодликнинг Кавказ.Реалии лойиҳасига тан олинмаган Ичкерия чечен республикасининг қувғиндаги ҳукумати матбуот хизмати вакиллари маълум қилишган.

Улар “Грозний” давлат телерадиокомпанияси директорининг Абдураҳмонов муҳтамал ўлимига ўзини Ичкерия бош вазири деб атовчи Аҳмед Закаев алоқадор бўлиши мумкинлигига оид иддаосини рад этишган.

Разман Қодировнинг ашаддий танқидчиси сифатида танилган блогер Швецияда гўё ўлдириб кетилгани ҳақида бундан бир неча кун аввал бир неча манба, шу жумладан 1ADAT телеграм-канали хабар тарқатган.

“Ичкерия чечен республикаси ҳукумати эга бўлган маълумотга кўра, Тумсо Абдураҳмонов тирик ва швед полициясининг ҳимояси остидадир”, деган матбуот хизмати вакили. Ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда сўзлаган вакил Абдураҳмоновнинг қандай сабабларга кўра ҳимоя остига олинганига аниқлик киритолган эмас.

Кавказ.Реалии таҳририяти бу борада расмий сўров билан Швеция полициясига мурожаат қилган. “Ҳозир биз аввал берган изоҳимизга ҳеч қанақа қўшимча қўшолмаймиз”, дейилган полиция матбуот котиби Ирен Соколовнинг расмий жавобида.

Аввалроқ Швеция полицияси Абдураҳмоновнинг ўлдирилган бўлиши мумкинлигига оид маълумотни тасдиқламаган ва бу борада изоҳ беришдан ҳам бош тортган.