Ўзбекистон, Туркманистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Бобомурод Ҳамдамов 2 сентябрь куни 84 ёшида вафот этган. Бу ҳақда Ўзбекистон Маданият вазирлиги матбуот хизмати маълумот тарқатди.
Вазирлик таъзияномасида Бобомурод Ҳамдамов замонавий ўзбек миллий қўшиқчилик санъатининг ривожланишида салмоқли ҳисса қўшиб, бир нечта ўлмас асарлар яратгани ва томошабинлар олқишига сазовор бўлгани урғуланган.
“Айниқса унинг “Султон Жалолиддин”, “Ким экан”, “Девона”, “Галдиму”, “Қўрқдим” каби қўшиқлари кенг оммалашиб, халқ қалбида муносиб ўрин эгаллади”, дейилган таъзияномада.
1940 йилда Туркманистоннинг Чоржўй шаҳрида туғилган Бобомурод Ҳамдамов, Маданият вазирлиги қайдича, “буюк ҳофиз Комилжон Отаниёзовнинг муносиб издоши” бўлган.
Бобомурод Ҳамдамов Ўзбекистонда президент Ислом Каримов ҳукмронлиги даврида Туркманистон президенти Сапармурод Ниëзов билан шахсий дўстлиги туфайли расмий Тошкент томонидан “хушланмаган санъаткор”га айланган.
Саксон ëшга кириш арафасида Озодлик мухбири билан суҳбатлашган Бобомурод Ҳамдамов ўрта мактабдан кейин кўтарма кранчилар тайëрлайдиган қисқа курсни ўқиб, қурилишга ишга киргани ва қурилиш ўртасида қад кўтарган улкан кранни бошқараëтиб, қўшиқ куйлаганини айтиб берган эди.
“Ўша пайтда урф бўлган ҳинд киноларидаги қўшиқларни кран кабинасида ўтириб куйлардим. Бундан ғазабланган прораб менга ультиматум қўйди. “Сен ë кран ҳайда, ë қўшиқ айт”, деди. Мен қўшиқчиликни танладим”, деганди ўша пайтда санъаткор.
Бобомурод Ҳамдамов ўзбек халқи орасида ҳиндча қўшиқлар ижрочиси ўлароқ ҳам танилган бўлиб, унинг ҳиндистонлик режиссёр Раж Капур билан дўст бўлгани кўпчиликка маълум эди.