Ўтган ҳафта Вазирлар Маҳкамаси “Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорни қабул қилди.
Ҳукумат қарорига мувофиқ, қуйидагилар Маданий мерос агентлигининг вазифалари этиб белгиланган:
- моддий маданий мерос объектлари давлат реестри, электрон каталоги, паспорти ва давлат кадастрини юритиш;
- моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларида асрашга доир ишларни амалга ошириш, буюртмачи функциясини бажариш;
- миллий музей фондининг давлат каталогини юритиш;
- тарихий-маданий ҳудудларни муҳофаза қилиш;
- археология тадқиқотларини қўллаб-қувватлаш, археология мероси объектларини муҳофаза қилиш;
- маданий бойликларни муҳофаза қилиш, шу жумладан уларнинг Ўзбекистон ҳудудидан олиб чиқилиши ва унинг ҳудудига олиб кирилиши бўйича сертификат бериш ва бошқалар.
Қарор билан Маданий мерос агентлиги тўғрисидаги низом тасдиқланган бўлиб, унда агентликнинг ҳуқуқий мақоми, тузилмаси, асосий вазифалари ва функциялари, фаолиятини ташкил этиш тартиби, агентликнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги, ўз таркибий бўлинмалари ҳамда бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиши, агентлик раҳбарларининг функционал вазифалари ва жавобгарлиги, Агентлик фаолияти самарадорлигини баҳолаш мезонлари, Агентлик фаолиятини молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш, унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш кабилар акс этган.
Ҳукумат қарорида қайд этилишича, агентлик моддий маданий мерос, музейлар, археология, маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилиши соҳасида махсус ваколатли давлат бошқаруви органи ҳисобланади.
Маданий мерос агентлигининг ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бирлашмалари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, бошқа ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
Ҳукумат қарори шу йил 16 октябридан кучга кирган.