Ўзбекистон Маданият вазири Озодбек Назарбеков давлат ғазнасидан миллиардлаб пул сарфлаб ўтказилаётган турли номдаги фестивалларни оқлашга уриниши ортидан жамоатчиликнинг кескин танқидига учради.
Айримлар хонандадан чиққан вазирни “сиёсий билимсизлик”да, яна айримлар “оддий халқ ҳаётидан узилиб қолиш”да айблади.
Самарқандда ўтаётган “Шарқ тароналари” XIII халқаро мусиқа фестивали доирасида журналистларга интервью берган вазир Озодбек Назарбеков санъат, маданият фестивалларини ўтказиш "кўчани асфальт қилишдан кўра муҳимроқ" эканини айтган.
“Кўп савол берасизлар бизга, “Мақом”, “Бахшичилик”, “Ҳунармандлар” фестиваллари қиляпсизлар, булар керакми, керакмасми деб. Ундан кўра асфальт қилган яхшимасми, деган миллионта ҳар хил фикрлар бор. Кечирсизлар-у, ҳозир бу муаммо битта кўчани асфальт қилгандан кўра муҳимроқ. Чунки инсон маданиятига таҳдид бостириб келяпти, шунинг учун бунақа фестивалларга 3-5 миллиард сўм ишлатиш, менимча, инсон келажагини асраб қолишда жуда муҳим”, деган Назарбеков.
Мулозим интервью давомида “халқаро майдонда бошқарув қора кучлар” назоратида эканини таъкидлагани ҳолда, “қора кучлар” деганда кимларни назарда тутганига ойдинлик киритмаган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
“Фестиваллар кўчани асфальт қилишдан муҳим” деган иддао йўллари абгор мамлакатда коррупция ва бюджет пулларининг мақсадсиз сарфланиш ҳолларини танқид қилиб келадиган фаолларнинг ғазабини қўзғади.
“Эчкига жон қайғуси, қассобга мой қайғуси деганларидек, ҳар ким ўз қаричи билан ўлчар экан-да. Вазир деганлари жамоатчилик фикри билан қизиқмайдими? Бундай тадбирлар фақат амалдорларга керак, ахир. Йўллар дабдала бўлса, қанча-қанча мактаблар ҳатто тузук-қуруқ ҳожатхонага ёлчимаган бўлса, фестивалларнинг кимга кераги бор?! Оч қоринга қўшиқ на ҳожат?!” деб ёзди Абдуғани Абдуллаев.
“Чанг кўчалар… Чанг, чанг кўчалар... Шунақа қўшиқ бормиди? Эртадан хиргойисини бошласак бўладими?” дея Назарбековнинг машҳур қўшиғига шама қилди журналист Шарофиддин Тўлаганов.
“Майли, ўша фестивалларини асфальт кўрмаган узоқ қишлоқларда қилишсин, фестивалга келган оқбилак меҳмонларни лой кўчалардан пиёда олиб ўтишсин, бир кўрайлик”, деб ёзди фойдаланувчилардан бири.
“Мен қовун еб улгурмаяпман”, дея киноя қилди блогер ва жамоат фаоли Ақида Ханум.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Жамоатчилик вакиллари вазир мақомидаги шахснинг “беўхшов муқояса”си ортида давлат бошқаруви, сиёсат борасида билимсизликни кўрди.
“Асфальт, тош, цемент йўллар ҳам маданийлашиш белгиси ҳисобланади. Тўйда пул йиғиб юрмасдан мактабда яхши ўқиш керагиди, айниқса, Рим тарихини”, деб ёзди блогер Зафарбек Солижонов.
“Нега шу қадар қудрат ва сарват эгаси бўлган Рим империяси қулаганини биласизми? Жавоб битта. Рим империяси томошани нондан устун қўйгани учун қулаган эди. Империя гражданлари “бизга нон эмас, томоша керак” деб талаб қилар, империя ëшуллилари эса томошага давлат ғазнасидан аямай пул сарфлар эди... Бугунги Ўзбекистон ҳам шундай. Томоғигача қарзга ботиб, битта қишни чиқара олмайдиган даражада заиф энергия тизими, вайрона мактаблар, ўйдим-чуқур йўллар ва миллион-миллион ўғри қароқчи мулозимлар билан тўлган, дефолт ëқасидаги непотизм ботқоғи бўлган қашшоғистон… Ҳар куни давлат ҳисобидан байрам. “Гулмисан, райҳонмисан” дея сузилганлар учун гул байрами, қовун байрами, Қўқон ë Ўратепа байрами. Палонийнинг туғилган куни. Кинофестиваль ва тарона байрами”, дея аччиқ истеҳзога йўғрилган пост ёзди “Rassom TUZ”.
“Мен фестиваллар керак эмас демоқчи эмасман. Улар чиндан ҳам керак. Лекин фестивалларни асфальт билан солиштириш... Маданият вазири ўзига тегишли бўлмаган соҳа (йўллар) дан, у ўтказадиган фестиваллар муҳимроқ дегани... палов пиширишда сабзи гуручдан муҳимроқ дегандай бўлибди. Палов яхши чиқиши учун ҳаммаси меъёрида бўлиши керак. Бўлмаса палов эмас, сабзи шўрва бўлади”, дея ҳолатга муносабат билдирди Troll.uz канали муаллифи Умид Ғафуров.
Маданият вазири ўз чиқишида фестиваллар мамлакат нуфузини ошириш учун ҳам кераклигини таъкидлаган.