Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси 24 декабрь куни Жиноят кодексининг 244-моддасига (оммавий тартибсизликлар) тузатишлар киритиш тўғрисидаги қонунни қабул қилди.
Амалдаги қонунчиликда оммавий тартибсизликларни уюштирганлик, уларда фаол иштирок этганлик ва фуқароларга нисбатан зўравонлик қилганлик учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган.
Эндиликда оммавий тартибсизликларни содир этиш мақсадида таълим олганлик ва уларни ташкил этишни молиялаштирганлик учун ҳам жиноий жавобгарлик жорий этилмоқда.
Gazeta.uz нашрининг аниқлик киритишича, оммавий тартибсизликларни ташкил этиш мақсадида ўтказиладиган ўқишга қатнашиш, шу жумладан, бу бўйича билим, амалий кўникма ва малакаларни эгаллаш, шунингдек, қурол-яроғ, портлаш қурилмалари, портловчи, заҳарловчи ва атроф-муҳит учун хавфли бўлган бошқа моддалар ва предметлар билан муомала қилиш усулларини ўрганиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваридан 600 бараваригача (112,5 миллион сўмдан 225 миллион сўмгача) миқдорда жарима, 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари назарда тутилган.
Шахсга нисбатан зўравонлик, талончилик, портлатиш, мулкка шикаст етказиш ёки йўқ қилиш, ҳокимият вакилига қурол қўллаш билан бирга содир этиладиган оммавий тартибсизликларни ташкил этиш ёки молиялаштириш, уларда фаол иштирок этишда 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Қонун лойиҳасига тушунтириш хатида таъкидланишича, “замонавий воқеликдан келиб чиқиб, ушбу соҳадаги миллий қонунчиликни такомиллаштириш зарурати юзага келган”.
Мазкур қонун лойиҳаси илгари жамоатчилик муҳокамасига қўйилмаган.
Озодлик 11 декабрь куни қонун лойиҳаси биринчи ўқишда саволларсиз маъқуллангани ҳақида хабар қилган эди.