Жорий йилнинг 31 август куни “Ташаббусли бюджет” жараёнининг 2024 йилдаги 2-мавсуми якунланди.
Open budget портали маълумотига кўра, иккинчи мавсумда 1772 та лойиҳа ғолиб деб топилган, уларга 2 триллион 139 миллиард сўм миқдорида маблағ берилиши кўзда тутилган.
Қайд этилишича, иккинчи мавсумда овоз беришга қўйилган 23 минг 318 та лойиҳа учун жами 9 миллион 81 минг 610 та овоз берилган.
Фуқаролар кўпроқ мамлакат ичидаги йўллар қурилиши ва таъмири, мактаблар ва тиббиёт муассасаларини таъмирлаш ва моддий-техник базасини ривожлантириш учун овоз беришган.
“Ташаббусли бюджет”нинг 2024-йилги 2-мавсумига шу йил 6 июлидан старт берилганди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотига кўра, бу мавсумда 6 июлдан 26 июлгача лойиҳаларни киритиш, 26 июлдан 15 августгача лойиҳаларни саралаш, 15 августдан 22 августгача тарғибот ишларини олиб бориш, 22 августдан 1 сентябргача эса бевосита овоз бериш жараёнини ўтказиш кўзда тутилган эди.
Ўзбекистонда “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси фуқароларга инфратузилмани яхшилаш бўйича ўз лойиҳаларини таклиф қилиш орқали маҳаллий бюджетнинг бир қисми тақсимотида иштирок этиш учун имконият яратиш мақсадида йўл қўйилгани айтилади. Бу лойиҳани аксарият “кўпга келган тўй” сифатида баҳолаб, маҳаллалардаги йўл, мактаб ёки тиббиёт муассасасини таъмирлаб олиш имконияти ўлароқ кўрса-да, аввалги мавсумларда кузатилган мажбурлов ва ғирромликлар жойлардаги одамларнинг ҳафсаласини совитиб, ижтимоий тармоқларда асосли эътирозларга сабаб бўлган эди.