Ташиев: Тошкент билан Бишкек айрим ҳудудларда ўзаро ер айирбошлаш бўйича келишувга эришган

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев

Ўзбекистон билан Қирғизистон расмийлари чегара яқинидаги айрим ҳудудларда участка алмашиш юзасидан келишувга эришган. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раҳбари Қамчибек Ташиев 18 февраль куни Боткен вилоятида ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилган.

Айрим жойлардаги баъзи участкаларни берамиз, бошқа жойлардаги бошқа участкаларни эса оламиз. Бу масала фақат шу тариқа ҳал бўлади. Албатта, бу ачинарли ҳол. Лекин бунинг бошқа йўли йўқ. Масалан, биз Олабуқа туманидаги ерни берамиз, аммо Сузоқда ер оламиз”, дея иқтибос келтирган Қ. Ташиев сўзларидан АкиПресс агентлиги.

Унинг фикрича, “айнан бизнинг еримиз бериб юборилди” дейиш тўғри эмас.

Бу сизнинггина ерингиз эмас, давлат еридир. Бошқа ерда бир участкани олиш учун бир участкани бериш керак бўлади”, дея қўшимча қилган Қ. Ташиев.

МХДҚ раҳбари 2020 йил декабрида Бишкекка Ўзбекистондан Меҳриддин Хайриддинов бошчилигидаги 20 кишилик делегация келганини эслатган.

Сўнгги баённома тунги соат 3 да имзоланган. Улар ўзиникини маъқуллаб туриб олишди, биз ҳам ўзимизникини маъқуллаб туриб олдик. Ниҳоят, тунги соат 3 да баённома имзоланди. Музокаралар, баҳслар шунақа ўтади, баъзан жуда қизғин бўлади. Охир-оқибат бир фикрга келамиз”, деган Қ. Ташиев.

МХДҚ раиси Ўзбекистон расмийлари билан чегара масалалари юзасидан галдаги музокаралар март ойида бўлиб ўтишини билдирган.

Қирғизистоннинг Олабуқа туманига қарашли Қарабелес қишлоғи аҳолиси орасида норозилик юзага келгани ортидан Ўзбекистон чегаранинг мазкур ҳудудида иҳота ишларини олиб боришни тўхтатгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилганди.

Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги чегара 1378 километрга узанган бўлиб, маълумотларга кўра, шу кунгача унинг 95 фоизи делимитация қилинган.