Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россияда юрган ўзбекистонликлардан мамлакатнинг турли шаҳарларида бўлиб ўтаётган намойишларда иштирок этмасликни, Россия Федерацияси қонунларига риоя этиш ва одамлар кўп тўпланаётган жойларга бормасликни сўраган.
Бу чақириқ агентликнинг Телеграм-каналида “сўнгги кунларда Россия Федерациясининг турли ҳудудларида давлат расман рухсат бермаган оммавий намойишлар бўлиб ўтаётгани муносабати билан” ёйинланган.
“Бу каби расман рухсат берилмаган тадбирларда қатнашиш чет эл фуқаролари учун Россия Федерацияси қонунларига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортилиш ёки давлатдан мажбурий чиқариб юборишга олиб келиши мумкин”, дея эслатилган агентлик хабарномасида.
Кейинги икки ҳафта ичида Россиянинг 100 дан зиёд шаҳрида норозилик намойишлари бўлиб ўтаётгани ҳақида Озодлик аввалроқ бир неча бор хабар қилган. Норозилик акциялари бошланишига 17 январь куни мухолифатчи Алексей Навальнийнинг ҳибсга олингани сабаб бўлган.
Навальний Берлиндан Москвага учиб келиши билан аэропортда қўлга олинган. Германияга у ўтган йил ёзида “Новичок” моддаси билан заҳарланиши ортидан олиб кетилган ва ўша ерда даволанганди.
Мухолифатчининг қўлга олиниши ортидан 23 ва 31 январь кунлари пойтахт Москва ва бошқа қатор шаҳарларда кўп минг кишилик намойиш ўтказилган. Мазкур акцияларда минглаб намойишчи тутиб кетилган.
Москвадаги Симонов туман суди 2 февраль куни мухолифат етакчиси Алексей Навальнийни колонияга йўллаш ҳақида қарор чиқарган. Сиёсатчининг 2014 йилдаги жиноят ишларидан бири бўйича олган шартли жазоси 3,5 йиллик қамоқ жазосига алмаштирилган.
Ҳукм ўқилганидан кейин мухолифатчини дастаклаган минглаб одам яна кўчаларга чиққан. ОВД-Инфо маълумотига кўра, 3 февралга ўтар кечаси Навальний тарафдорларидан 1,5 минг чоғли киши қўлга олинган.
Мухолифатчининг қамоққа йўлланиши Ғарбдаги кўплаб сиёсатчилар томонидан қораланган.