Украина миграция хизматига кўра, мамлакатда ҳозирда Россия паспортига эга қарийб 175 минг киши яшамоқда. Вақтинча ёки доимий яшаш рухсатномалари билан. Аммо кўпчилигининг ҳужжатлари муддати тугаб бормоқда ёки тугаб бўлган. Уруш важидан ҳужжатларнинг амал қилиш муддатини узайтириш жуда қийин, ҳатто мутлақо имконсиз. Чунки Россия консулхоналари ёпилган. Украиналиклар билан турмуш қурган ва ўнлаб йиллардан бери шу ерда истиқомат қилаётган, уруш бошланганидан бери армияга ва қочқинларга ёрдамлашиб келаётган бу одамлар ҳозирда мамлакатдан бадарға бўлиш хавфи остида қолди.
Кира Львов шаҳрига Харьков яқинидаги Руские Тишки қишлоғидан келган. Қишлоқ Россия чегарасидан нари борса 20 чақирим берида жойлашган. Киранинг яримхароба уйи эса айни пайтда фронт чизиғига тўғри келади. Аёл Украинада қонуний яшаш ҳуқуқини олиш учун курашмоқда. У Россия фуқаролигига эга.
“Афсуски, туғилиш жойини танлаб бўлмайди. Мен Белгородда дунёга келдим, у ерда ота-онам бор, Иттифоқ парчаланган пайтда бунақа бўлишини ким билибди дейсиз”, дейди Кира Жафарова.
У Украинада 32 йилдан бери вақтинчалик рухсатнома билан яшайди. Украина фуқароси эмаслиги унга 2014 йилгача ҳеч бир ноқулайлик туғдирмаган, боз устига қариндошларини кўргани Россияга бориб-келиши ҳам осон эди. Бироқ “Майдон” воқеаларидан сўнг у туғилган юрти билан барча ришталарни узиб, украин паспортини олиш ҳаракатига тушади.
Айтишича, Россия консуллиги ишни чўзиш учун нуқул баҳона тўқиган: гоҳ СССР паспорти нусхасини талаб қилган, гоҳ Белгород солиқ идорасидан, ЖЭКдан маълумотномалар сўраган...
“Ҳар гал консулхонадан йиғлаб чиқардим. Жуда кўп сарсон қилишган мени. Югура-югура 2021 йил 2 январь куни, ниҳоят, фуқароликдан чиқиш учун зарур барча ҳужжатларни топширдим. 1800 гривна давлат божи ҳам тўлаганман. Бу тўғрида маълумотномам бор. Аммо, аксига олиб, кўп ўтмай консулхоналар ёпилди, фуқароликдан чиқиш ҳужжатини олишга улгурмадим. Вақтинчалик гувоҳномам муддати тугаса, чатоқ бўлади”, дея ҳикоясида давом этади Кира.
Россия фуқаролигидан чиқаётган пайтда Украинада муддатсиз яшаш рухсатномаси ўрнига вақтинчалик гувоҳнома берилади. Одатда, бир ёки икки йил муддатга. Шу муддат ичида фуқароликдан чиқишга улгурмаган одам мамлакатдан бадарға қилиниши мумкин.
Днепрлик Максим Гошовский Россия паспортидан қутулиш учун уни ҳамманинг кўз ўнгида йиртиб ташлади. Лекин ҳужжатнинг йўқ қилингани асос бўла олмайди. Россияда таваллуд топиб, 16 йилдан буён Украинада яшаётган Максимнинг мамлакатда қонуний бўлиш вақти аллақачон тугаган. Ўтган йили декабрда янги вақтинчалик гувоҳнома олмоқчи эди, бўлмади – қонунчилик ўзгарган эди.
“Аксига олиб 2021 йил 14 декабрда Украинанинг миграцияга доир қонунчилигига ўзгартишлар киритилди. Янги тартибга кўра, мен асли украиналик сифатида мамлакат фуқаролигини олишга талабгор бўла олмайман”, дейди Гошовский.
Украина миграция хизмати қонунга ўзгартиш ўлароқ киритилган айрим бандларни бажариш ҳозирда умуман имконсизлигини тасдиқлади.
“Фуқароликни ҳудудий мансублик тамойили бўйича олиш мумкин. Лекин муаммо нимада, биласизми? Бу одамлар ўз давлатлари ҳудудида судланмагани тўғрисида маълумотнома келтиришлари лозим. Табиийки, ўтган йилнинг декабрига қадар бунақа маълумотнома сўралмасди. Энди эса бу қоғозни олиб бўлмайди. Дипломатик консуллик идоралари уруш вақтида ишламайди. Ариза беришнинг ҳеч бир имкони йўқ”, дейди Давлат миграция хизмати Львов бошқармасининг фуқаролик масалалари бўлими мудири Вера Дзядик.
Муаммосини ҳал эта олмагач, Максим миграция хизматини судга берди. Талаб қилинаётган ҳужжатларни олишнинг айни вақтда иложи йўқлигини исботламоқчи. Миграция хизмати эса уни қидирувга берган.
“Мени ушлаб, туман ИИБга олиб боришди ва паспортимга “фалон санагача мамлакатдан чиқиб кетиши керак”, деган муҳр босишди. Менга уч ҳафта муҳлат берилди. Шундан сўнг миграция хизматини судга бердим. Паспортдаги бадарға қилинишим ҳақидаги ёзувни ўчиртирмоқчиман. Яқинда ярим кун туман ИИБда ўтирдим, чунки Днепр миграция идораси улар билан судлашаётганимни билмайди, шу боис мени қидирувга берди”, дейди Максим Гошовский.
Украинада муддатсиз, яъни доимий яшаш рухсатномасига эга россияликлар ёки беларуслар ҳам катта ва кўп ҳолларда ечимсиз муаммоларга дуч келишмоқда. Уларнинг энг катта қўрқуви – ҳужжатларини йўқотиб қўйишдан. Элчихона ва консулликлар ишламаётган пайтда ҳужжатни тиклашнинг сира иложи йўқ. Шу боис ҳам Дмитрий Харченко яшашга рухсатномасини Беларусь паспорти билан бирга қўйин чўнтагида олиб юради.
Дмитрий, лавҳамизнинг бошқа қаҳрамонлари каби, Евромайдон давридан бери Украина Қуролли кучларига ва қочқинларга қарашиб келмоқда. Россия ёки Беларусга борса, қамоққа тушиши тайин. Аммо Украинада ҳам бунақа одамларга бирон енгиллик берилмаяпти.
“Сўнгги ойларда давлат сиёсати аёвсиз ва мантиқсиз бўлиб бораяпти. 90 кундан бери мудофаага беминнат кўмак бериб келаётган одамларга ҳужжатларидаги арзимаган камчиликни деб мамлакатдан чиқиб кетиш ҳақида қоғоз тутқазишяпти. Яъни, ё Путиннинг, ё Лукашенконинг ёнига боринглар, дейишяпти. Мен 2018 йили ҳужжат қилиб олганман, Россияга боришим 30 йилга тақиқланган, борсам – устимдан жиноят иши очишлари мумкин”, дейди Дмитрий Харченко.
Яқинда маҳаллий ҳуқуқбонлар Беларусь фуқароларининг Украинада легаллашувини соддалаштириш ва уруш туфайли бажариб бўлмас талабларни бекор қилишни сўраб ваколатли идораларга мурожаат қилишди. Уларнинг айтишича, бу – ўнлаб йиллардан бери Украинада яшаб-меҳнат қилаётган россияликларга ҳам зарур.
“Бу одамларнинг Украина давлатига зарари тегмас экан, уларни мамлакатдан бадарға қилишга асло зарурат йўқ. Қонунчиликни ўзгартиришлари мумкин, аммо бунинг учун сиёсий ирода лозим”, дейди Zmina инсон ҳақлари маркази ходимаси Алёна Лунева.
Расмий маълумотларга кўра, Украина давлат миграция хизмати ўтган ярим йилда саккиз минг нафардан ортиқ чет эл фуқароларининг вақтинча яшашга рухсатномасини олиб қўйди ёки бекор қилди. Биринчи июлдан эътиборан яна бир тўсиқ – виза тартиби пайдо бўлган.
“Бирон чет давлат фуқаросининг Украина ҳудудида бўлиш муддати тугаган бўлса, у ўз мамлакатига қайтиши керак. Хусусан, агар у босқинчи мамлакат, яъни Россия фуқароси бўлса ва муайян сабабларга кўра юртига қайта олмаса, Молдовага бориб, у ерда Украинага виза олиши мумкин”, дея изоҳ беради Давлат миграция хизмати Львов вилояти бошқармаси мулозими Ирина Росовская.
Бироқ виза олиш учун жиддий асос, масалан, ишлашга рухсатнома, фуқаро ОТМга қабул қилинганини ёки оиласини тиклаш ниятида эканини тасдиқловчи ҳужжат талаб қилинади.