“Тахтақорача” довонидаги фавқулодда ҳодиса туфайли уч киши нобуд бўлди

"Тахтақорача" довонида харсангтош босиб қолган Cobalt автомобили, 2024 йил 6 ноябри (Қашқадарё вилояти Вилоят ЙҲХБ матбуот хизмати фотоси)

Қашқадарё вилоятининг Китоб туманидан ўтган “Тахтақорача” довонида Cobalt автомобилини харсангтош босиб қолиши оқибатида уч киши ҳалок бўлди.

Вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси матбуот хизмати маълумотига кўра, ҳодиса 6 ноябрь куни соат 15:45 ларда Қайнар қишлоғининг М-39 Тошкент–Термиз автомобиль йўлида рўй берган.

Автомобиль Китоб туманидан Самарқанд шаҳри томон ҳаракатланаётган бўлган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган фотосуратларда тоғдан думалаб тушган катта тош машинани мажақлаб ташлаганини кўриш мумкин.

Ҳодиса ортидан “Тахтақорача” довонида ҳаракат вақтинча чекланган.

Маҳаллий блогерлар Cobalt машинасида ҳайдовчи билан бирга венгриялик уч нафар сайёҳ бўлгани, уларнинг барчаси ҳалок бўлгани ҳақида ёзишди.

Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларини боғловчи “Тахтақорача” довони қиш мавсумида автомобиллар ҳаракати учун тез-тез ёпилиб қўйилади.