Тайвань Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев билан ХХР раиси Си Цзиньпин томонидан 24 январь куни очиқланган қўшма баёнотни қоралаб чиққан. Бу ҳақда Тайвань халқаро радиоси хабар қилди.
Қайд этилишича, мазкур қўшма баёнотда Ўзбекистон “ягона Хитой тамойилига қатъий риоя қилади”, ҳар қандай шаклдаги Тайвань мустақиллигига қарши чиқади ҳамда “Тайвань, Шинжон ва инсон ҳуқуқлари бўйича Хитойнинг туб манфаатларига алоқадор масалаларда ХХРга қатъий дастак беришга тайёр”лиги таъкидланган.
Расман Хитой Республикаси деб аталувчи Тайваннинг Ташқи ишлар вазирлиги 25 январь куни бу баёнотга кескин норозилик билдириб, Хитой Коммунистик партияси авторитар ҳукуматининг бошқа мамлакатларга нисбатан қўллаётган “қамчи ва ширин кулча сиёсати”ни ҳамда Тайвань суверенитетини камситувчи ва воқеликка тўғри келмайдиган шарҳларини қоралаган. Шунингдек, ТИВ ҳақиқий аҳволни беэътибор қолдириб, Хитойга кўр-кўрона бўйсунаётган Ўзбекистон позициясини қоралаб чиққан.
ТИВ Хитой Республикаси (Тайвань) мустақил суверен давлат эканини урғулаган. Вазирлик қайдича, Хитой Республикаси (Тайвань) ва Хитой Халқ Республикаси бир-бирларига бўйсунмайди. ХХР ҳеч қачон Тайванни бошқарган эмас, бу эътироз қилиб бўлмайдиган ва объектив факт бўлиб ҳисобланади. Хитойнинг Тайвань суверенитетини янглиш йўсинда тақдим этиш бўйича ҳар қандай уриниши халқаро ҳамжамият тарафидан тан олинган амалдаги жорий ҳолатни ўзгартира олмайди.
“Тайвань дунёдаги эркинлик ва демократиянинг асосий қалъаси бўлиб, у Хитой томонидан бўлаётган босимлар олдида эгилмайди. Тайвань бундан буён ҳам озодлик ва демократия қадриятларини ҳимоя қилувчи мамлакатлар билан ҳамкорлик қилиб, улар билан биргаликда минтақа ва бутун дунёда тинчлик ва барқарорликни сақлаш устида ишлайди”, дейилган Тайвань ТИВ баёнотида.