Учинчи апрель куни эрталаб Тайванда, турли сейсмологик агентликлар маълумотига кўра, 7,2 дан 7,7 гача магнитудали зилзила содир бўлган.
Тайвань расмийлари томонидан тарқатилган сўнгги маълумотларга кўра, зилзила натижасида етти киши ўлган, 738 киши тан жароҳати олган. Қутқарувчилар йиқилган бинолар вайроналари остида 77 чоғли киши қолган бўлиши мумкинлигини айтишмоқда.
Зилзила эпимаркази Тайвань ороли шарқида — Хуалянь шаҳри яқинида бўлган. Телеканаллар зилзила оқибатида юзага келган катта кўчки ва қийшайган бинолар акс этган кадрларни намойиш этишмоқда.
Орол шимолида жойлашган Тайбэй шаҳри метросида ҳам кучли силкинишлар ҳис этилган. Метро бир муддатга ёпилган, бироқ тез орада метронинг аксарият тармоқларида ҳаракат тикланган. Ер қимирлаши Хитойнинг жануби-шарқий минтақаси ва ҳатто Шанхайда сезилгани ҳақида хабарлар бор.
Зилзила ортидан Тайвань, Япония ва Филиппинда цунами хавфига оид огоҳлантиришлар тарқатилган, бироқ айни пайтда цунами хатари йўқлиги айтилмоқда.
Тайваннинг тегишли идоралари оролнинг қарийб барча жойида электр таъминоти тиклангани, атом электр станцияларига шикаст етмаганини маълум қилишган. Темир йўллар ва поездларга ҳам зарар етган эмас, бироқ текширувлар туфайли қатновларда кечикишлар бўлиши мумкин. Ер силкиниши ортидан айрим заводларда ходимлар эвакуация қилинган, ҳозир эса уларнинг ҳаммаси ўз иш жойларига қайтишган.
Бугунги зилзила Тайванда 1999 йилдан буён кузатилган зилзилаларнинг энг кучлиси бўлган. 25 йил муқаддам содир бўлган 7,6 магнитудали ўша зилзила оқибатида икки мингдан зиёд одам нобуд бўлган, 50 мингга яқин бино вайрон бўлган ёки шикастланган эди.