Тайвандаги зилзила қурбонлари сони камида 9 нафарга етди

Зилзила таъсирида шикаст етган Хуалянь шаҳридаги тураржой биноларидан бири, 2024 йил 3 апрели

Тайванлик қутқарувчилар зилзила туфайли шикастланган уйларнинг вайроналари остидан ўнлаб одамни чиқариб олишга муваффақ бўлганлар. 3 апрель куни кузатилган ер силкинишлари натижасида ҳалок бўлганлар сони, сўнгги маълумотларга кўра, камида тўққиз нафарга етган, мингдан зиёд одам жароҳатланган.

Reuters агентлиги зилзила ортидан 50 нафар ишчи бедарак йўқолгани ҳақида хабар қилди. Улар минибусларда миллий парк йўналишида кетаётган бўлган.

АҚШ Геология хизмати маълумотига кўра, ер силкиниши Тайвань оролининг барча жойида ҳис қилинган, яқин кунларда эса 7 магнитудали янги зилзилалар бўлиши кутилмоқда.
Зилзиладан энг кўп жабрланган жой 300 минг аҳоли яшовчи Хуалянь тумани бўлган. Тайвань миллий ўт ўчириш хизмати Хуаляндаги икки конда 71 нафар кончи ер остида қамалиб қолгани ҳақида маълумот тарқатган.

Зилзилалар туфайли темир йўл ва метрода учта авария содир бўлган. 125 та бинога шикаст етган, 90 мингдан зиёд уй хўжалиги электр таъминотисиз қолмоқда.

Тайвань маркази Тайпэй шаҳрида касалхоналар, айрим биноларга шикаст етганига қарамай, одатдагидек тартибда фаолият юритмоқда, дея маълум қилган маҳаллий расмийлар.

АҚШ маъмурияти зилзилалар ортидан Тайвандаги вазиятни кузатиб бормоқда. 3 апрель куни Вашингтонда сўзлаган Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Қўшма Штатлар жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатишга тайёр эканини билдирди, дея хабар қилди CNN телеканали.