Теҳронда устки кийимини ечиб ташлаган толиба қўлга олинди

Эронда Теҳрон университетининг толибаси ОТМ кампусида устки кийимларини ечиб ташлагани ортидан қўлга олинди. Бу ҳақда биринчи бўлиб Эрон телеграм-каналлари ва ҳуқуқбонлар хабар қилишди.

Уларнинг иддаосича, толиба ҳижобни рисоладагидек ўрамагани учун хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан жисмоний таъқибга учраган.

Ижтимоий тармоқларда хавфсизлик кучлари ходимлари ва ҳукуматпараст “Басиж” ёшлар ташкилоти вакиллари қўлга олинган толибанинг кийимларини йиртиб ташлашгани ҳақида ёзишмоқда. Айни пайтда айрим гувоҳлар толибанинг ўзи ечинганини иддао қилишяпти.

Маълумотларга кўра, толиба полицияга йўлланган ва у билан алоқа йўқ. Бу орада университет вакили қўлга олинган қиз руҳан соғлом эмаслигини, у клиникага йўлланганини билдирган.

Толибанинг исми очиқланган эмас.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Эрондаги махсус маърузачиси Теҳронда содир бўлган воқеани диққат билан кузатиб турганини билдирган. Amnesty International инсон ҳуқуқлари ташкилоти эса қўлга олинган толибанинг зудлик билан озод қилинишини, унинг ёнига адвокати ва оила аъзолари қўйилишини талаб қилиб чиққан.

Жорий йилнинг апрель ойида Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси мамлакатда аёллар учун қатъий дресс-кодга риоя қилиш масалалари бўйича янги ҳуқуқ-тартибот органи тузилгани ҳақида эълон қилган. Мазкур баёнот Эрон расмийлари сўнгги кунларда ахлоқ қоидаларига мувофиқлик юзасидан текширувларни кучайтиргани, рейд иштирокчилари аёллар билан қўпол муомалада бўлаётганига оид хабарлар пайдо бўлгани ортидан берилган.

2022 йил сентябрида Эронда маҳаллий толибалардан Маҳса Аминий вафот этган эди. У ҳижобини нотўғри ўрагани учун қўлга олинганини иддао қилган Ахлоқ полицияси кейинроқ унинг “юрак хуружидан” ўлганини билдирган. Аминийнинг яқинлари толиба полициячилар томонидан ўлгунича калтакланганини таъкидлашган.

Аминийнинг ўлимидан кейин Эрон оммавий кўча намойишлари бошланган. Норозилик чиқишлари бир неча ой давом этган ва улар сўнгги бир неча ўн йил ичида Эроннинг консерватив раҳбариятига қарши энг жиддий қўзғалишлардан бири ўлароқ баҳоланган. Мазкур тўқнашувларда юзлаб одам ҳалок бўлган, минглаб киши ҳибсга олинган, норозилик намойишларининг бир неча иштирокчиси эса қатл этилган.