Париж прокуратураси Telegram асосчиси Павел Дуров 12 хил жиноятга алоқадорликда гумонланаётганини маълум қилди. Улар орасида кибержиноятлар, пул ювиш ва декларациясиз криптологик жиҳоз импорт қилиниши кабилар бор. Бу ҳақда прокуратура хабарномасида билдирилган.
Қайд этилишича, миллиардер тадбиркорнинг қўлга олинишига асос бўлган иш шу йилнинг 8 июлида очилган.
Павел Дуров гумонланаётган жиноятлар орасида уюшган гуруҳларнинг ноқонуний келишувларини олиб бориш учун онлайн-платформага маъмурлик ишига аралашганлик, ҳуқуқ-тартибот идоралари талабномаларига кўра тергов олиб бориш ва терговда фойдаланиш учун зарур бўлган маълумот ёки ҳужжатларни тақдим этишдан бош тортганлик, вояга етмаганлар билан порнографик контент сақлашга аралашганлик, гиёҳванд моддалар тарқатишга аралашганлик, кибержиноятларга аралашганлик, уюшган жиноий гуруҳлар таркибида товламачиликка аралашганлик кабилар бор.
Дуров 28 августгача ҳибсда қолиши мумкин.
"Мазкур иш негизида Telegram платформаси томонидан айниқса болалар порнографиясига қарши курашда ҳамкорлик қилинмаганлик ва модерациянинг йўқлиги ётибди", дея билдирган Франциядаги болаларга қарши жиноятларнинг олдини олиш билан шуғулланувчи Ofmin агентлиги раҳбари Жан-Мишель Берниго.
Павел Дуров 24 август куни Озарбайжондан учиб келганида Париж аэропортида қўлга олинган. Иддаога кўра, Францияда Дуров қидирувдаги шахслар рўйхатига киритилган, уни ҳибсга олиш учун ордер дастлабки тергов асосида Франциянинг суд полицияси томонидан берилган.
Аввалроқ Telegram командаси ширкат бош директори Дуровнинг яширадиган нарсаси йўқлиги, у Европа бўйлаб тез-тез саёҳат қилиши, Telegram эса рақамли хизматлар тўғрисидаги қонун дохил Европа Иттифоқининг қонунларига риоя қилишини билдирган эди.
“Платформа ёки унинг соҳиби бу платформадаги суиисътемол учун жавобгар эканини иддао қилиш бемаъниликдир”, дейилган 25 август куни тарқатилмиш баёнотда.
Франция президенти Эммануэль Макрон Дуровнинг қўлга олиниши давом этаётган тергов билан боғлиқлигини билдирган.
“Бу мутлақо сиёсий қарор эмас. Қарорни судьялар қабул қилиши лозим”, деб ёзган президент Макрон.