Ўзбекистон, Покистон ва Афғонистон “Термиз-Пешовар” трансафғон темир йўли қурилиши юзасидан амалий ишларни бошлади, деб хабар берди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига қарашли “Дунё” ахборот агентлиги.
Хабарда билдирилишича, 18 июлдан Афғонистон ҳудудида қўшма лойиҳасининг йўналиши ва техник-иқтисодий асосларини аниқлаш бўйича экспедиция ишлари олиб борилмоқда.
“Термиз-Мозори Шариф-Кобул-Пешовар” йўналиши бўйича қуриладиган мазкур темир йўл лойиҳасининг таҳминий қиймати 5 миллиард доллар атрофида бўлади. Деярли 600 километрли мазкур темир йўл Ўзбекистон ва минтақа давлатлари учун Покистон денгиз бандаргоҳларига йўл очади.
Лойиҳа тўлиқ ишга туширилган тақдирда, Ўзбекистондан Покистонга юкларни бугунгидай 35 кунда эмас, балки 3-5 кунда етказиб бериш мумкин бўлади. Бир стандарт юк контейнерини манзилга етказиб бериш нархи уч баробарга арзонлайди. Мазкур йўлдан юк ташиш ҳажми 10 миллион тоннага етиши мумкин.
Президент Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 3-4 мартида Покистонга қилган расмий ташрифи чоғида мазкур лойиҳани амалга ошириш масаласига эътибор қаратган эди.
Темир йўлини қуриш лойиҳаси 2018 йилда эълон қилинган, қурилиш эса 2021 йилнинг сентябрида бошланиши эълон қилинганди. Бироқ 2021 йилнинг 15 август куни Толибон афғон ҳукуматини эгаллагани ортидан лойиҳани амалга ошириш муддати кечиктирилган.