Қирғизистон ҳукумати яна 2000 йилдан бери кун тартибида турган «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли қурилиши тез орада бошланишини маълум қилди.
Қирғиз ҳукумати матбуот хизматининг билдиришича, бу ҳақда Япония пойтахти Токиода ўтган Марказий Осиё инвестиция форумида министрлар кабинети раиси Ақилбек Жапаров гапирган. У қурилиш лойҳаси 6 миллиард долларга баҳоланганини маълум қилган.
Бундан аввал ҳам бир неча марта «Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон» темир йўли қурилиши тез орада бошланиши тўғрисида баёнот берган қирғиз расмийлари лойиҳанинг қиймати 4-5 миллиард доллардан ошмаслигини айтиб келаётган эди.
Хитой Темир йўл қурилишини лойиҳалаштириш институтининг билдиришича, қурилишнинг иқтисодий – техник асосламаси 2023 йилнинг апрелида тайёр бўлади. Бундан аввалроқ қурилишнинг дастлабики этапида Қирғизистон 20 фоиз, иккинчи этапида 10 фоиз, Ўзбекистон 30 фоиз, учинчи этапда Хитой 30 фоиз, тўртинчи этапда ҳар бир мамлакат ўзаро тенг маблағ ажратиши хабар қилинганди.
Жорий йил сентябрида Самарқандда ўтган ШҲТ саммитида Ўзбекистон, Қирғзистон ва Хитой темир йўлни қуриш тўғрисидаги уч томонлама шартномани имзолаганди. Шартномага асосан темир йўл “Тўруғарт-Арпа-Маымал-Жалолобод» йўналиши орқали Ўзбекистонга ўтади.
Мазкур темир йўлни қуриш ташаббуси 2000-йиллар бошларида кўтарилган, аммо ҳанузгача амалга ошмай қолмоқда. Қирғизистон расмийлари ўн йиллардан бери бу қурилиш “яқин орада бошланиши”ни ваъда қилиб келган.