Термизда Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳарбийларининг машғулоти якунланди

Бир ой ичида ўзбек ва қозоқ ҳарбийлари ҳамкорликда иккинчи машғулотни ўтказди.

Афғонистон билан чегарадош Термизда Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳарбийларининг 24 ноябрда “Ҳамкорлик-2021”қўшма машғулоти якунланди.

Мудофаа вазирлигининг билдиришича, машғулотлар якунланиши арафасида, яъни 22 ноябрь куни Қозоғистон мудофаа вазири генерал-лейтенант Мурат Бектанов ва Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов икки давлат ўртасида ҳарбий соҳада ҳамкорлик бўйича битимни имзолади.

Шундан сўнг мудофаа вазирлари Термиз полигонидаги машғулотларни асосий фазасини кузатган.

17 ноябрдан 24 ноябргача бўлиб ўтган “Ҳамкорлик—2021” ўзбек—қозоқ қўшма машғулоти Қозоғистоннинг Жамбул вилояти “Матибулоқ” полигонида 3-8 ноябрь кунлари ўтказилган“Қалқон-2021” қўшма ўқувларининг давоми ҳисобланади.

Аввалроқ машғулотда Қозоғистон армиясининг юздан ортиқ аскари, Су-30СМ кўп функцияли қирувчи самолётлар, С-295 ҳарбий юк ташувчи самолётлар ҳамда учувчисиз бошқариладиган учувчи аппаратлар иштирок этиши билдирилган эди.

Афғонистонда 15 август куни Толибон ҳокимиятни босиб олганидан сўнг шу кунгача Ўзбекистон Тожикистон ва Россия билан ҳамкорликда ҳарбий ўқув машғулотлари ўтказди.