Термизда блогер аёл саккиз суткага қамалди

Иллюстратив сурат

Жорий йилнинг 19 июнь куни Термиз шаҳар судида блогер Фазилат Салимовага нисбатан маъмурий иш кўриб чиқилган.

Суд қарори билан Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 195-моддаси (Ички ишлар органлари ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) ва 202.2-моддаси 1-қисми (Ёлғон ахборот тарқатиш) бўйича айбли деб топилган блогерга 8 суткалик қамоқ жазоси ҳамда БҲМнинг ўн баробари миқдорида (3 миллион 400 минг сўм) жарима тайинланган.

Гувоҳлар иддаосича, беш яшар фарзанднинг онаси бўлган 33 ёшли термизлик блогер устидан суд ёпиқ тарзда ўтказилган.

Фазилат Салимованинг онасига кўра, қизи ИИБ ходимлари томонидан бир фуқаро калтакланаётганини кўриб, “урманглар, айби бўлса, қонуний жазосини беринглар” деб, ўша жойда жонли эфир қилгани учун маҳаллий расмийлар ғазабига учраган.

“Улар Фазилатга туҳмат қилишяпти”, деган блогернинг онаси бу суд аёлдан қасд олиш учун уюштирилганини иддао қилмоқда.