Жорий ҳафтада Термиз шаҳрида ўзбекистонлик ва тожикистонлик ҳарбийларнинг “Ҳамдўстлик—2022” деб номланган қўшма ўқув жараёнлари бошланган.
Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти маълумотига мувофиқ, қўшни давлатдан келган меҳмонлар 3 август куни Термиз гарнизонидаги ҳарбий қисмга жойлаштирилган.
Пайшанба куни икки давлат зобит ва аскарлари "Ҳамдўстлик—2022” ўқув машқларининг тантанали очилиш маросимида иштирок этишган. Шундан сўнг Термиз умумқўшин дала-ўқув майдони ўқув нуқталарида ва тўсиқлар йўлакларида ўзбек ҳарбий хизматчилари томонидан кўргазмали машқлар бажарилган.
“Машқлар жараёнида ҳарбийларимиз яқин масофада жанг олиб бориш, ярадорларни эвакуация қилиш, шартли душман ҳужумини қайтариш каби амалий машғулотларда иштирок этишди. Ушбу машқларни кузатиш жараёнида тожикистонлик ҳарбийлар ҳам ўзларини синаб кўришди”, дейилган вазирлик хабарномасида.
Ўзбекистонлик ва тожикистонлик ҳарбийларнинг Термиздаги қўшма машқлари “Толибон” ҳаракатининг юқори лавозимли қўмондонларидан бири толиблар Тожикистонни “бир ҳафтада эгаллаб олиши мумкин”лиги ҳақида баёнот бергани манзарасида ўтказилди. Аввалроқ толибларнинг “Умарий” корпуси қўмондонининг ўринбосари Муҳаммад Жон Ҳамза “агар Тожикистон Афғонистоннинг ички ишларига аралашишни бас қилмаса ҳамда Россия Тожикистоннинг орқасида турмайдиган бўлса, толиблар бу мамлакатни бир ҳафта ичида ишғол қилади”, деган эди.
Озодликнинг тожик хизмати хабарига кўра, расмий Душанбе мазкур баёнотни эътиборсиз қолдирган.