Тошкент Ички ишлар бош бошқармаси Сурияда “Катибат ул имом ал-Бухорий” халқаро террорчилик ташкилоти асосчиси бўлган Улуғбек Бобомуродов жангларда ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилди.
ИИББ маълумотида айтилишича, 1972 йилда туғилган Улуғбек Бобомуродов Тошкентнинг Юнусобод туманида вақтинчалик рўйхатда турган. У Сурхондарё вилояти маркази Термиз шаҳрида 2009—2010 йилларда “Жиҳодчилар жамоати”ни ташкил қилган. 2011 йилда бу гуруҳ аъзоларининг асосий қисми қамоққа олинган. Аммо бу вақтда Россияда яшаётган Улуғбек Бобомуродов ва гуруҳнинг қатор аъзолари Туркияга қочиб кетишга муваффақ бўлган.
ИИББнинг қайд этишича, Улуғбек Бобомуродов 2013 йилда Сурияда “Катибат ул имом ал-Бухорий” террор ташкилотига асос солган. Ўша йили унга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 244-2-моддаси (диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) асосида жиноят иши қўзғатилган. Бобомуродов халқаро қидирувга берилган эди.
Аммо Озодликда мазкур гуруҳ ва унинг раҳбарлари тўғрисида Тошкент ИИББдан фарқли ўлароқ маълумотлар мавжуд ва улардаУлуғбек Бобомуродов номи қайд этилмайди.
Озодлик радиоси 2014 йилнинг ноябрида “Катибат ул имом ал-Бухорий” гуруҳи "Ислом давлат"и етакчиси Абу Бакр Бағдодийга қасамëд қилгани тўғрисидаги илк маълумотни ёйинлаган эди. Ўшанда гуруҳга Шайх Салоҳиддин тахаллусига эга асли наманганлик Акмал Жўрабоев исмли шахс амирлик қилаётгани айтилганди. 2017 йилнинг майида 47 ёшли Шайх Салоҳиддин Идлибда ўз сафдоши томонидан ўлдирилгани, унинг ўрнини тожикистонлик Абу Юсуф эгаллагани тўғрисида хабар қилинган.
АҚШ 2018 йилнинг 22 март куни Суриядаги ўзбек жангариларидан иборат "Катибат ал Имом Бухорий гуруҳини “глобал террорчилар қора рўйхати”га киритган.
Давлат департаменти расмий билдирувида бу гуруҳ “Жабҳат ан-Нусра” сафида туриб жанг қилиши айтилганг.
Тошкент ИИББ тарқатган баёнотда Озодликда мавжуд бўлган мазкур хабарларга ойдинлик ва аниқлик киритувчи маълумотлар мавжуд эмас.