БМТ Ал Қоидага Саиф ал Одил раҳбар этиб сайланганини тасдиқлади

Фотоархив. Президент Обама ва бошқа расмийлар Ал Қоида роаҳбари Усома бин Лодиннинг Покистонда 2011 йил 1 майида жисмонан йўқ қилинишига оид видеони кўрмоқда.

Миср махсус отрядининг собиқ зобити Саиф ал Одил Ал Қоиданинг лидери сифатида тайинлангани тўғрисида БМТнинг янги ҳисоботида қайд этилди. Ундан олдинги лидер Айман аз Завоҳирий 2022 йилнинг 31 июлида АҚШ томонидан берилган ҳаво зарбаси оқибатида Кобулда ҳалок бўлган эди.

Reuters агентлигининг ёзишича, 2023 йилнинг январида АҚШ махсус хизматлари Ал Қоиданинг янги лидери ким эканлиги ноаниқ бўлиб қолаётганини билдирганди. БМТ ҳисоботида билдирилишича, ўтган йилнинг ноябрь ва декабрь ойларида кўп давлатлар Одил террор ташкилотига раҳбарлик қила бошлагани тўғрисидаги маълумотларга эга бўлганлар.

1998 йилда Вашингтон Одилни АҚШнинг Танзания ва Кениядаги элчихоналарига уюштирилган террор ҳужумида айблаган эди. Бу терактлар оқибатида 220 киши ҳалок бўлган ва беш мингдан кўпроқ киши яраланганди.

АҚШ Давлат департаменти Одилнинг қароргоҳи Эронда эканини билдирган. Вашингтон унинг қаерда экани тўғрисида маълумот берган шахсларга 10 миллион доллар мукофот ваъда қилган.

БМТдаги Эрон ваколатхонаси ҳисобот эълон қилинганидан сўнг Одил Эронда эканини инкор қилди.

Айрим маълумотларда Одилнинг ҳақиқий исми Муҳаммад Салоҳиддин Зейдан экани айтилади. У террорчилик фаолиятини 1981 йилдан бошлаган. Ўшанда Одил Миср президенти Анвар ал Саодатнинг ўлдирилишига алоқадорликда гумонланган эди.