Террорчиликда айбланган Брейвик Россияни дастаклаб чиқди

Андерс Брейвик суд мажлисида

Одамларни ёппасига ўққа тутгани ва террорчилик ҳаракатлари учун 21 йилга қамалган норвегиялик Андерс Брейвик бошида Z ҳарфи шаклида соч қолдирган. У ўзининг шартли равишда муддатидан аввал қамоқдан озод қилиш илтимоси кўриб чиқилаётган судга ана шундай кўринишда келган.

Бундан ташқари, судланган шахс суд мажлисига Россияни ҳамда Украинага қарши урушда у ёки бу йўсинда РФ қуролли кучларига кўмак кўрсатаётган Хитой, Эрон ва Шимолий Кореяни дастакловчи сўзлар ёзилган қўлбола плакат кўтариб келган.

Журналистларнинг: “Шартли равишда муддатидан олдин қамоқдан озод қилишга оид илтимосингиз қониқтирилган тақдирда, нима қиласиз?” деган саволига жавобан Брейвик “хорижга кўчиб кетиши” ҳамда “ультраўнг экстремизмига қарши курашда махсус хизматларга ёрдам бериши”ни айтган. У ўзини “радикаллашув қурбони” деб ҳисоблашини қўшимча қилган ҳамда озод қилинган тақдирда, ўз хатти-ҳаракатларидан жабрланганларга товон пули тўлашни ваъда қилган.

Брейвик 2022 йил февралида ҳам шартли равишда муддатидан аввал қамоқдан озод қилиш илтимоси билан судга мурожаат қилган, бироқ суд бу илтимосни рад этган эди.

Лотинча Z ҳарфи Украинага ҳарбий босқинни дастаклаш рамзларидан бири бўлиб ҳисобланади. Бу ҳарфга Кремлни дастакловчи акцияларда, пропагандистик плакатларда ва товарларда дуч келиш мумкин. Уруш бошидан буён мазкур ҳарф Россия ҳарбий техникасини тактик маркировка қилиш учун ишлатиб келинган. Плакатлардаги, шаҳар реклама стендларидаги ёки автомобиллардаги Z ҳарфини ўчириб ташлашга урингани учун Россияда ўнлаб фуқарога қарши жиноят ишлари очилган, ваҳоланки Россия Мудофаа вазирлиги вакиллари бу ҳарф “расмий ҳарбий рамз” бўлиб ҳисобланмаслигини билдиришган эди.

Ультраўнг қарашдаги Андерс Брейвик 2011 йил июлида Ослодаги ҳукумат кварталида бомба портлатган, кейин эса сўл қарашдаги фаоллар йиғилган Утойя оролидаги ёшлар лагерида 77 кишини отиб ўлдириб, 150 дан зиёд одамни яралаганди. 2012 йили суд Брейвикни 21 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган.