Тошкентда беморга тегажоқлик қилган “Тез ёрдам” ходимига нисбатан хизмат текшируви ўтказилади

17 ноябрга ўтар кечаси “Тез ёрдам” шифокори бемор аёлга тегажоқлик қилгани тўғрисида журналист ва блогер Шаҳноза Соатова маълум қилди.

Унга кўра, “ёлғиз ўзи ёш боласи билан” яшайдиган бемор аёл “Тез ёрдам”га телефон қилиб, “иложи бўлса аёл шифокор сўраган”. Лекин икки соатда ҳам аёл шифокор топилмагани учун тунги соат 00:15 да эркак шифокор бир ўзи кириб келган.

“Учта шприцда укол қилган. Охиргисини қилаётган пайтдаёқ аёл ўзини ғалати ҳис қила бошлаган. “Миям бирдан маст одамникидай гаранг бўлиб қолди, осмонга учаётгандек бўлдим. Эс-ҳушим жойида, лекин оёқ-қўлим бўшашиб ўзимга бўйсунмай қолди” деб айтган аёл”.

Шаҳноза Соатованинг ёзишича, “тезёрдам шифокори аёлнинг ожизлигидан фойдаланиб унга ножўя қилиқлар қилган, қўли билан жинсий зўрлаган. Яна кўпроқ ишлар қилмоқчи бўлгану, аёл ҳоли борича қаршилик қилавергач, ниҳоят кетган”.

Блогернинг айтишича, ички ишлар органлари аёлнинг бу борада ёзган аризасини қайтариб олишга ундамоқда ва бунинг бефойда эканини билдирмоқда.

“Газета.uz”нинг маълум қилишича, нашр мухбири ҳолат юзасидан расмий муносабат сўраб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика тез тиббий ёрдам маркази масъуллари билан боғланган.

Вазирлик матбуот котиби Фурқат Санаев “вазият назоратга олинган”и ҳақида билдирган. Республика тез тиббий ёрдам маркази матбуот котиби Ирода Мирзабекова эса “чақириққа борган тез тиббий ёрдам фельдшери О.М.,нинг иш фаолияти юзасидан хизмат текшируви тайинланган. Мурожаатда беморга 3 та укол қилингани айтилган ҳолат бўйича эса ишчи гуруҳ экспертиза ўтказиши”ни айтган.