The Insider: Петербургда “мардлик дарслари”ни ўқувчиларга неонацистлар ўтмоқда

Россиядаги мактаблардан бирида ўтказилаётган "Мардлик дарси". 2019 йилда олинган архив сурат.

Санкт-Петербургда ва Ленинград вилоятида интернатлар, махсус мактаблар ва билим юртларининг юзлаб ўқувчилари «мардлик дарслари» ва “дам олиш кунларининг машғулотлари” деб аталадиган ҳарбий тайёргарлик бўйича машғулотларда иштирок этди. The Insider нашрининг билдиришича, машғулотларни уюштирганлар ўзларининг неонацистик нуқтаи назарини яширмайдиган шахслардир.

Нашр ўтказган суриштириувда қайд этилишича, машғулотларни Санкт-Петербург Шимолий славянлар жамияти, “Доброволец” махсус ватанпарварлик маркази ўтказган. Ватанпарварлик маркази директори «Яр» таҳаллуси билан танилган Алексей Савинский бўлиб, у «Сопротивление» ультраўнг ҳаракатининг аъзосидир.

Нашр ўқувчилар билан бевосита икки нафар неонацист машғулотлар ўтказишини аниқлаган. Улар «Ульфер» лақабли Владимир Бакин ва «Питбуль» лақабли Михаил Турканов. Бу икки шахс Украинадаги урушда иштирок этган. Турканов 2012 ва 2017 йилларда одам ўғирлаш ҳамда товламачиликда айбланиб қамоқда жазо муддатини ўтаган.

The Insider суриштирувида болалар билан машғулот ўтаётган яна бир неча киши Украинадаги урушда иштирок этаётган «Русич» отрядига алоқадор экани аниқланган. «Русич» қўмондонлиги нацизм мафкураси тарафдори эканини яширмайди.