The Mirror: Британияда 600 нафар ҳарбий Украина миссиясига шай турибди

Британияда қарийб 600 нафар ҳарбий хизматчидан иборат тезкор ҳаракат отряди тузилди – у Россия Украинага бостириб кирган тақдирда, ушбу мамлакатга ёрдамга жўнатилади. Бу ҳақда The Mirror нашри ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Нашрнинг ёзишича, ҳарбийларни Украинага юборишга ҳозирлаш ишлари Британия махсус хизматлари Россия президенти Путиндан айни пайтда Украина ва Ғарбга очиқ таҳдид мавжудлиги ҳақида бош вазирни огоҳлантирганидан сўнг бошланган.

Отряд қарийб 400 десантчи, махсус топшириқларни бажарувчи аскарлар, разведкачилар, врачлар, ҳарбий инженерлар ва алоқачилардан таркиб топган. Манбага кўра, буйруқ келган тақдирда, отряд 36 соат ичида манзилга отланади.

Айни пайтда нашр британиялик ҳарбийлар Украинада айнан қандай вазифаларни бажариши мумкинлигига аниқлик киритмаган. Британия Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва мустақиллигини сўзсиз ҳимоя қилишини бир неча бор маълум қилган, аммо унинг ушбу мамлакатни ҳимоя қилиш бўйича расмий мажбурияти йўқ.

Аввалроқ Британия бош штаби бошлиғи генерал Ник Картер Совуқ уруш давридан бери Ғарб билан Россия ўртасида ҳарбий тўқнашув чиқиши хавфи энг авж нуқтага етганини айтган эди.

Ғарб Россиянинг Украина шарқий чегараларида катта қўшин тўплаганидан ташвишга тушган. 3 ноябрь куни Украина президенти Владимир Зеленский шарқий чегарада Россиянинг қарийб 100 минг нафар аскари борлигини билдирган.