The Washington Post: Пентагон Кобулнинг таслим бўлишига руҳан ҳозирланмоқда

Кобулдан 200 километр наридаги Пули-Хумри шаҳри узра ўрнатилган толиблар байроғи

Америка ҳарбийлари Ғарб коалицияси Афғонистондан чиқиб кетганидан сўнг ҳукумат кучларининг мағлубиятга учраши эҳтимолига доир башоратларини ўзгартиришди.

Эндиликда Пентагон Афғонистон пойтахти Кобул 90 кун ичида толиблар томонидан босиб олиниши мумкинлигини истисно этмаяпти. Бу ҳақда The Washington Post нашри ўз манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилган.

Сўнгги бир неча кун мобайнида толиблар Афғонистоннинг 34 вилоятидан еттитасининг марказини ишғол қилишди. Бу “Толибон” фақат аҳолиси сийрак ҳудудларнигина ўз назоратида тутишга муваффақ бўлган ўтган йиллардаги вазиятдан кескин фарқ қилади.

Июнь ойи охирларида АҚШ разведкаси толиблар ярим йилдан бир йилгача вақт ичида узил-кесил ғалаба қозониши мумкинлигини билдирган эди, деб ёзган The Washington Post. Газета манбаларидан бири урғулашича, Афғонистонда вазият “нотўғри томонга ўзгармоқда”.

Афғонистондан Америка ҳарбийларини олиб чиқиб кетиш АҚШнинг олдинги президенти Дональд Трамп даврида бошланган, амалдаги президент Байден амалиётни якунлаш учун энг сўнгги муддат деб 11 сентябрь санасини белгилаган. Америка контингенти қисқариши манзарасида “Толибон” ҳукумат қўшинлари позицияларига ҳужумини кучайтирмоқда.

Байден 10 август куни Оқ уйда журналистлар билан мулоқот қиларкан, ўз қароридан афсус чекмаслигини айтган. “20 йилда биз у ерда триллион доллардан зиёд маблағ сарфладик. 300 мингдан ортиқ афғон ҳарбийсини ўқитдик ва кийдириб-қуроллантирдик. Эндиликда афғон етакчилари бирлашиши ва ўзлари учун, мамлакат учун курашиши керак”, дея таъкидлаган президент.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани ўзи кўп йиллардан бери низолашиб келаётган минтақавий ҳарбийлашган гуруҳларга ёрдам сўраб мурожаат қилди. У тинч аҳолини демократияни ҳимоя қилишга чақирди, деб ёзди “Америка овози”.

Озодлик радиоси афғон хизматининг хабар қилишича, 10 август куни Қатарда афғон ҳукумати ва толиблар иштирокида тинчлик музокаралари бошланган. Унда Афғонистон ҳукумати вакили “Толибон”нинг шаҳарларга ҳужумлари томонлар ўртасида ишончсизлик пайдо қилишини, шунингдек ҳаракат мамлакатнинг сиёсий келажаги борасидаги ўз режаларини ҳануз тақдим этмаганини айтган.