The Washington Post: Трамп ва Путин телефон орқали мулоқот қилди

Дональд Трамп ва Владимир Путин (архив сурати)

АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп ўтган ҳафтанинг пайшанба (7 ноябрь) куни Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали суҳбатлашган. Улар Украинадаги уруш мавзусини муҳокама қилишган, дея хабар қилди 10 ноябрь куни The Washington Post нашри хабардор манбаларидан олинган маълумотга таянган ҳолда.

Мақолада Трамп Путинни бундан буёнги эскалацияга йўл қўймаслик чораларини кўришга чақиргани ҳамда унга “Вашингтон Европада сезиларли даражада ҳарбий ҳозирликка эга” эканини эслатгани қайд этилган.

Мазкур мулоқотдан бир кун аввал – 6 ноябрь Дональд Трамп Украина президенти Владимир Зеленский билан суҳбатлашган ва ОАВ маълумотига кўра, Киевни дастаклашини айтган, дея қайд этилган Reuters хабарида.

Сайловолди кампанияси чоғида Трамп, президентлик лавозимига сайланган тақдирда, Украинадаги урушни бир кун ичида якунлашга имкон берадиган йўлни топишини бир неча марта таъкидлаган эди. Айни пайтда республикачилар номзоди бўлган сиёсатчи қанақа конкрет қадамлар қўймоқчи эканига аниқлик киритган эмасди.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков якшанба куни “Москва. Кремль. Путин” дастури муаллифи ва бошловчиси Павел Зарубинга Трамп ўзининг сайлов кампанияси чоғида “ҳеч бўлмаганда тинчлик ҳақида гапиргани”ни урғулаган.

У Россияни стратегик мағлубиятга учратиш истаги ҳақида гапираётгани йўқ ва бу унинг амалдаги маъмуриятдан ижобий фарқини кўрсатмоқда”, дея иқтибос келтирган Песков сўзларидан “Интерфакс” агентлиги.

Владимир Путин 7 ноябрь куни Валдай форумидаги матбуот анжуманида Дональд Трампни АҚШ президенти лавозимига сайлангани билан ошкора табриклаган эди. У Трампни жасоратли одам деб атаб, унга қўнғироқ қилишга қарши эмаслигини айтган. Бунгача Путин Трампнинг сайловда ғалаба қозонгани ҳақида сўзлаган эмас.

Ундан аввалроқ Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Путин АҚШнинг сайланган президентини табриклашни истаб-истамаслигини билмаслигини айтган эди.

Келинг, бу ерда гап барибир бизнинг давлатимизга қарши урушга бевосита ёки билвосита жалб қилинмиш дўст бўлмаган мамлакат ҳақида кетаётганини унутмайлик”, дея қайд этганди Песков.