Тез кунда президент Шавкат Мирзиёев соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари билан “Ўзбекистон тиббиёти — Инсон қадри учун” мавзусида очиқ мулоқот ўтказади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги 15 декабрь куни маълум қилди.
Расмий хабарда мулоқотнинг аниқ куни айтилган эмас.
Шу муносабат билан вазирлик барча тиббиёт ходимларини 1295 рақами орқали президентга таклиф ва ташаббуслар йўллашга чақирган. “Ҳеч бир масала Президент эътиборидан четда қолмайди”,-деб ваъда қилган вазирлик.
Президент Шавкат Мирзиёев 20 август куни Тошкентда ўзбекистонлик тадбиркорлар ҳамда молия тизими вакиллари билан илк маротаба мана шу каби "очиқ" деб айтилаëтган мулоқотни ўтказган эди.
Ўшанда учрашув ҳақида 2 ой аввал хабар берилган ва қатнашишни истовчилар учрашувга таклиф қилинганди.
Бироқ тадбиркорлар учрашув иштирокчилари администрация томонидан аёвсиз саралангани, асосан муваффақиятли тадбиркорлар танлаб олингани ҳақида Озодликка айтишган.
Президент шифокорлар билан учрашишни режалаштираётгани эълон қилинишидан бир кун аввал Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппаратида ходимларнинг 40 фоизи бир кунда ишдан олингани хабар қилинди.