Тинимсиз жала туфайли Барселона аэропортида ўнлаб рейс кечиктирилди

Испания тинимсиз ёққан жала ортидан (иллюстратив сурат)

Испаниянинг Барселона шаҳри ва атрофида тинимсиз ёққан жала туфайли 4 ноябрь куни қизил огоҳлантириш эълон қилинди. Расмийлар одамларни заруратсиз кўчага чиқмасликни сўрамоқда. “Евроньюс” телеканали хабарига кўра, шиддатли жалалар Валенсия вилоятидан мамлакат шимолий-шарқига – Барселонага кўчган.

Шу тариқа Барселона Испаниянинг экстремал об-ҳаво шароитидан жабр кўрган яна бир минтақасига айланган. Ижтимоий тармоқларда Барселона аэропорти терминалига сув кираётгани акс этган видеокадрлар пайдо бўлган.

Испания Давлат метеорология агентлиги Каталониянинг айрим қисмларида тинмаётган жала туфайли қизил хатар даражасини эълон қилган, маҳаллий ОАВ эса йўлларда қисман сув остида қолган автомобилларни намойиш қилган.

Испанияда катталиги бўйича иккинчи аэропорт ҳисобланмиш Барселонанинг Эл-Прат аэропорти ўнлаб авиарейсларни бекор қилган ёки кечиктирган, поезд қатнови ҳам тўхтатилган.

Аввалроқ Испаниянинг Валенсия вилоятида тинимсиз жала туфайли юзага келган тошқин натижасида камида 217 киши нобуд бўлгани ҳақида хабар қилинган эди.